Logo

Россиянинг Чувашия Республикасида Ўзбек тили байрами кунига бағишланган маърифий тадбир бўлиб ўтди

Октябрь 21, 2023. 12:52 • 2 дақ

1355
Россиянинг Чувашия Республикасида Ўзбек тили байрами кунига бағишланган маърифий тадбир бўлиб ўтди

ЧЕБОКСАРИ, 21 октябрь. /«Дунё» АА/. Россиянинг Чувашия Республикаси Халқлар дўстлиги саройида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами кунига бағишланган маърифий тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Унда Ўзбекистоннинг бош консули Фариддин Насриев, Чувашия Республикаси Кенгаши раиси Леонид Черкесов, маданият вазирли Светлана Каликова, шунингдек,  Россия Ташқи ишлар вазирлигининг вакиллари, Ўзбек миллий маданий маркази фаоллари иштирок этишди.

Тадбирни Чувашия Республика Кенгаши раиси Леонид Черкесов қутлов нутқи билан очиб берди.   У Ўзбекистон ва Россия муносабатлари ҳозирги кунда юқори даражада эканлигини, стратегик шерикчилик асосида икки томонлама ҳамкорлик кундан кунга ўсиб бораётганини таъкидлади. «Ўзбек тили байрами куни ҳар йили Чувашия Республикасида кенг нишонланади. Шунингдек, ўзбек тилини тарғиб қилиш, ушбу тилни ёшлар, хусусан ўзбек оилалари фарзандлари мукаммал ўрганиши учун барча имкониятлар яратиб берилмоқда», деди Леонид Черкесов.

Бош консул Фариддин Насриев иштирокчиларга Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили тўғрисида»ги қонунининг мазмун-моҳияти ва ушбу ҳужжатда белгиланган вазифалар ҳақида сўзлаб берди.   Дипломат Россия ҳудудларида, хусусан Чувашия Республикасида ўзбек тилига қаратиётган юксак эътибор, Ўзбекистон маданий маркази билан биргаликда ўтказиб келаётган маънавий-маърифий кечаларни қўллаб-қувватлаётгани учун республика раҳбарияти ва диаспора ташкилотига миннатдорлик билдирди.

Тадбир меҳмони, Андижон давлат педагогика институти ректори Бахтиёр Расулов ўз чиқишида Ўзбекистон ва Россия ўртасида минтақалараро ҳамкорлик юқори даража эканлигини қайд эди. У, шунингдек,  Чувашия Республикасида бўлиб ўтаётган ўзбек тили ва маданиятига бағишланган ушбу тадбир ҳам маданий-гуманитар йўналишида эришилган ютуқлардан бири эканлигини билдирди.

 Она тилимизга бағишлаган мазкур тадбир якунида унинг иштирокчилари ўзбек тилидаги шеърлардан намуналар ўқиб беришди. Таниқли санъат усталари томонидан ўзбек тилида ижро этилган куй ва қўшиқлар эса барчага кўтаринки кайфият улашди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш