ЖИДУда Си Цзиньпин ва замонавий Хитой асарлари маркази очилди
Январ 29, 2026. 17:21 • 2 дақ
• 178
ТОШКЕНТ, 30 январь. /“Дунё” АА/. Кеча Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Хитой ижтимоий фанлар академияси президенти Гао Сян бошчилигидаги делегациянинг ташрифи бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу ташриф бугунги кунда ҳар томонлама стратегик шериклик босқичида турган Ўзбекистон–Хитой муносабатлари ривожида муҳим воқеадир. Учрашувда томонлар академик дипломатиянинг давлатлараро мулоқотнинг мустаҳкам интеллектуал пойдевори сифатидаги аҳамиятини таъкидлади.
Ташрифда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) ва Хитой ижтимоий фанлар академияси (ХИФА) университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Ҳужжат халқаро муносабатлар, жаҳон иқтисодиёти ва замонавий Хитойни ўрганиш соҳасида қўшма илмий тадқиқотлар, академик алмашинувини ривожлантириш, таҳлилий нашрларни тайёрлаш ва таълим дастурларини амалга оширишга қаратилган.
Дастурнинг марказий воқеаси ЖИДУда Си Цзиньпин ва замонавий Хитой асарлари марказининг очилиши бўлди. Ушбу марказ Хитойнинг ривожланиш модели, давлат бошқаруви, модернизация ва халқаро ташаббусларини ўрганиш учун кўп функцияли академик платформага айланади. Марказдан ўқув машғулотлари, илмий семинарлар, давра суҳбатлари ва эксперт муҳокамалари учун фаол фойдаланилади.
Ташриф доирасида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг рақамли таълим инфратузилмасини ривожлантиришда Хитой томони катта ёрдам кўрсатаётгани ҳам таъкидланди. Университетга 110 та замонавий компьютер, сервер ускуналари ва техник воситалар топширилди, бу рақамли таълим ва тадқиқот фаолияти имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради.
Профессор Янг Кайчжуннинг университет профессор-ўқитувчилари ва ходимларида катта қизиқиш уйғотган “Хитой модернизацияси мўъжизаси мантиғи” мавзусидаги маърузасига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар ЖИДУ ва ХИФА ўртасидаги ҳамкорлик узоқ муддатли ва амалий хусусиятга эга бўлишига, илмий мулоқотни чуқурлаштириш ва халқаро муносабатлар соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
