Самарқандда трансмиллий наркотик таҳдидларга қарши курашиш бўйича халқаро форум бўлиб ўтади
Февраль 13, 2026. 08:10 • 1 дақ
• 126
ВЕНА, 13 февраль. /“Дунё” АА/. Шу йилнинг апрель ойида Самарқанд шаҳрида БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) билан ҳамкорликда “Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигига трансмиллий наркотик таҳдидларга қарши курашиш” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқиларида гиёҳванд моддаларнинг тарқалиши ва гиёҳвандлик жиноятчилиги аҳоли саломатлиги, миллат генофонди ва ёшлар келажагига жиддий таҳдид солаётганини таъкидлаган. Бу борада миллий, минтақавий ва халқаро миқёсда бирлашган ва мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатларни амалга ошириш қайд этилган.
Форумнинг UNODC билан ҳамкорликда ўтказилиши Ташкилотнинг БМТ тизимидаги глобал гиёҳванд моддалар муаммосига қарши курашиш бўйича етакчи мувофиқлаштирувчи роли, унинг жамоат саломатлиги, хавфсизлик ва барқарор ривожланиш соҳасидаги тан олинган эксперт ва таҳлилий салоҳияти билан боғлиқ.
Форум давлат органлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, экспертлар ва академик ҳамжамият вакилларини бирлаштиради ҳамда долзарб муаммоларни муҳокама қилиш ва трансмиллий гиёҳвандлик таҳдидларига қарши курашиш бўйича амалий ёндашувларни ишлаб чиқиш учун майдон бўлади.
Самарқанд форуми давлатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, экспертлар ва академик ҳамжамият вакиллари иштирокида трансмиллий наркотик таҳдидларга қарши курашиш бўйича фикр алмашиш ва амалий тавсиялар ишлаб чиқиш учун юқори даражадаги халқаро платформага айланиши керак.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
