Logo

Венгриянинг нуфузли университетида Ўзбекистон адабиёти бурчагини очиш режалаштирилмоқда

Январ 16, 2026. 11:03 • 2 дақ

133
Венгриянинг нуфузли университетида Ўзбекистон адабиёти бурчагини очиш режалаштирилмоқда

БУДАПЕШТ, 16 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни юксалтириш мақсадида Этвош Лоранд университети Туркийшунослик кафедраси мудири, Шарқшунослик институти директори, ўзбек тили бўйича мутахассис, профессор Бенедек Пери билан учрашув ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Бенедек Пери Туркийшунослик кафедраси ҳақида гапирар экан, мазкур муассаса 1817 йилда венгриялик туркийшунос, шарқшунос олим Армин Вамберининг Бухоро ва Хива хонликларига қилган саёҳатлари давомида тўплаган илмий манбалар асосида очилганини таъкидлади.

Маълумот берилишича, ушбу кафедра ҳузуридаги кутубхонада Ўзбекистонга оид юзлаб нодир қўлёзмалар, илмий журнал ва адабиётлар сақланмоқда. Университет талабалари томонидан Навоий, Бобур, Машраб, Огаҳий ижодига оид илмий тадқиқотлар амалга оширилмоқда. “Ўзбек-венгр” таржима луғатини яратиш, Навоий, Бобур асарларини венгр ва инглиз тилларига таржима қилиш устида иш олиб борилмоқда.

Бенедек Пери 2026 йил февраль ойида бўлиб ўтадиган “Навоий ва Шарқ ренессанси” мавзусидаги халқаро симпозиумда ўзининг Навоий ижодига бағишланган асарлари билан иштирок этишини маълум қилди.

Ҳозирги вақтда Туркийшунослик кафедрасида “Туркия”, “Қирғизистон” бурчаклари очилган, Озарбайжон тили ва маданият маркази фаолият юритмоқда.

2026 йил март ойида университетда Ўзбекистон адабиёти бурчагини ҳам очиш кўзда тутилган. Ушбу бурчакнинг очилиш маросими Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фондининг Венгрияга ташриф давомида ўтказилиши режалаштирилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш