Logo

Токиода Ўзбекистон Президентининг Японияга расмий ташрифи якунлари ва эришилган келишувлар юзасидан брифинг ўтказилди

Декабрь 28, 2025. 14:08 • 3 дақ

198
Токиода Ўзбекистон Президентининг Японияга расмий ташрифи якунлари ва эришилган келишувлар юзасидан брифинг ўтказилди

ТОКИО, 28 декабрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида давлатимиз раҳбарининг 18–20 декабрь кунлари Японияга амалга оширган расмий ташрифи якунлари ва эришилган келишувлар юзасидан брифинг ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда Япония Ташқи ишлар вазирлиги, Япония ташқи савдони ривожлантириш ташкилоти (JETRO), Япониянинг Россия ва янги мустақил давлатлар билан савдо бўйича уюшмаси, Япония халқаро алоқалар институти, таҳлил марказлари ва олий таълим соҳаси вакиллари иштирок этди.

Брифинг аввалида Ўзбекистон элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов давлат раҳбарининг Японияга амалга оширган расмий ташрифи барча соҳалардаги учрашув ва тадбирларни қамраб олганини таъкидлаб, бу ташриф ўзбек-япон стратегик ҳамкорлиги тарихида янги саҳифа очганини таъкидлади.

Тадбир иштирокчиларига расмий ташриф мобайнида Япония Императори, Бош вазири, парламентнинг икки палатаси раҳбарияти ва ҳукумат аъзолари, шунингдек, ишбилармон доиралар ва академик ҳамжамият вакиллари билан ўтказилган музокаралар якунлари бўйича маълумотлар тақдим қилинди.

Брифинг якунида Япония томони вакиллари Ўзбекистон Президентининг Японияга ташрифи юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга интилишларини қайд этдилар.

Япониянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси (1999-2002 йй.), Япония парламентининг маслаҳатчилар палатаси собиқ депутати Кёко Накаяма:

- Ўзбекистон Президентининг Японияга расмий ташрифини катта қизиқиш билан кузатдим. Олий даражадаги учрашувлар, икки томонлама музокаралар ва эришилган келишувлар ушбу ташрифни муносабатларимиз учун тарихий воқеага айлантирди. Марказий Осиёдаги ҳозирги сиёсий вазият мен Ўзбекистонда ишлаган давримдан анча фарқ қилади. Аммо Ўзбекистон раҳбариятининг сиёсий иродаси ва ташаббуслари, яхши қўшничилик сиёсати мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга имкон берди.

“Tokyo Foundation” жамғармаси ижрочи директори Мари Сузуки:

- Ўтказилган музокараларда ҳар икки томоннинг икки томонлама муносабатларни ривожлантириш ва кенгайтиришга интилиши яққол намоён бўлди. Жорий йил сентябрь ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтган халқаро конференцияда шахсан иштирок этиб, мамлакатимиз демократик ислоҳотлар ва аҳолини қўллаб-қувватлаш борасида илгарилаб бораётганига гувоҳ бўлдим.

Япония ташқи савдони ривожлантириш ташкилотининг (JETRO) Глобал стратегия департаменти директори Куния Асамото Куния Асамото сўнгги йилларда Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар сезиларли даражада ривожланганини таъкидлади.

- Сўнгги беш йилда Ўзбекистонда фаолият юритаётган япон компаниялари сони икки баробарга ошди, - деди JETRO вакили. - Япониянинг тўғридан-тўғри инвестициялари мамлакат иқтисодиётида, айниқса, энергетика, ахборот технологиялари, саноат, хизмат кўрсатиш ва соғлиқни сақлаш каби соҳаларда муҳим роль ўйнай бошлади.

Япония сайёҳлик агентликлари уюшмаси (JATA) ижрочи директори Хироши Танимура ҳам туризм соҳасида сезиларли ютуқларга эришилганини қайд этди.

- Туризм инфратузилмаси яхшиланиши билан Ўзбекистон сайёҳлар учун энг жозибадор йўналишлардан бирига айланди, - деди у. - 2025 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрадиган япониялик сайёҳлар сони 30 минг нафардан ошиши тарихий ютуқдир.

Марказий Осиё ва Кавказ давлатларини ўрганиш институти ижрочи директори Тецуджи Танаканинг сўзларига кўра Ўзбекистон Президентининг ташрифи мамлакатнинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.

- Ушбу ташриф Ўзбекистоннинг глобал сиёсат ва иқтисодиётдаги ўрнини мустаҳкамлаб, келгуси ҳамкорлик учун янги имкониятлар очди, - деди эксперт.

Шундай қилиб, давлатимиз раҳбарининг Японияга ташрифи икки томонлама муносабатларни ривожлантириш, сиёсий ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, туризм соҳасидаги ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиришда муҳим қадам бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Samandar Xodjiyev

samandar@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш