Россиядан муносабат: Ўзбекистонда 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши чуқур рамзий маънога эга
Декабрь 28, 2025. 09:15 • 2 дақ
• 147
МОСКВА, 28 декабрь. /“Дунё” АА/. Россия Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Фан, таълим ва маданият қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Ильяс Умаханов “Дунё” АА мухбирига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси ҳақида фикр билдирди:
– Аввало, Россия сенаторлар корпуси номидан Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон эришган улкан натижаларга чуқур ҳурматимни билдиришга ва яқин истиқболга мўлжалланган улкан режаларни қўллаб-қувватлашга ижозат бергайсиз.
Ўзбекистон сўнгги йилларда кенг қамровли модернизация йўлидан дадил ва изчил бормоқда. Иқтисодиётда эришилган ютуқлар – ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши, рекорд даражадаги инвестициялар, молия тизимининг мустаҳкамланиши очиқ бозор иқтисодиётини яратиш бўйича танланган йўлнинг тўғрилигидан далолат беради. Ижтимоий соҳадаги муваффақиятлар алоҳида таассурот қолдирмоқда. Камбағалликни икки баробарга қисқартириш мақсадига муддатидан олдин эришилгани шунчаки статистика эмас, балки миллионлаб Ўзбекистон фуқаролари ҳаётининг реал яхшиланиши, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани чуқур рамзий маънога эга. Бу қадам ислоҳотлар марказида инсон, унинг фаровонлиги ва ижтимоий ҳамжиҳатлик турганини тасдиқлайди. Ўзбекистоннинг маҳалла институтини жамият таянчи сифатида мустаҳкамлаш борасидаги тажрибаси бебаҳо ва шубҳасиз, кўплаб мамлакатлар, жумладан, жамоавийлик ва ўзаро ёрдам анъаналари кучли бўлган Россия учун ҳам қизиқиш уйғотади.
Тақдим этилган 2026 йилга мўлжалланган дастур ўзининг кенг қамровлилиги билан кишини ҳайратга солади. Технологик ютуқларга, сунъий интеллект соҳасидаги лойиҳалар ва улкан космик дастурга урғу бериш давр талабларига мос келади ва Россия–Ўзбекистон илмий-техникавий ҳамкорлиги учун янги уфқларни очади. “Яшил” кун тартиби ва кенг кўламли экологик ташаббуслар мамлакатларимиз учун умумий бўлган барқарор ривожланиш мақсадларига ҳам тўлиқ ҳамоҳангдир.
Россия Ўзбекистоннинг тинчликсевар, кўп векторли ва мувозанатли ташқи сиёсатини, унинг Марказий Осиёдаги конструктив ролини юксак қадрлайди. Минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш бўйича ташаббусларни, Марказий Осиё ҳамжамияти форматини илгари суришни қўллаб-қувватлаш бутун Евроосиё маконининг барқарорлиги ва фаровонлиги учун узоқ муддатли манфаатларга жавоб беради.
Россия–Ўзбекистон муносабатлари кўп асрлик дўстлик, ўзаро ҳурмат ва халқаро кун тартибидаги асосий масалалар бўйича позицияларнинг мос келиши ёки яқинлигига асосланган кенг қамровли стратегик шериклик хусусиятига эга.
Ишончимиз комилки, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган янги устувор йўналишларнинг амалга оширилиши барча соҳаларда – савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардан тортиб маданий-гуманитар соҳаларгача икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш учун янги туртки бўлади. Ўзаро тажриба алмашиш, инфратузилма, энергетика ва инновация лойиҳалари устида биргаликда ишлашга тайёрмиз.
Қардош Ўзбекистон халқига Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида янги ва улкан ташаббусларига муваффақият тилаймиз.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси