Logo

Покистондан муносабат: Ўзбекистон Президентининг Мурожаатномаси мамлакатни янада ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлади

Декабрь 28, 2025. 11:58 • 3 дақ

184
Покистондан муносабат: Ўзбекистон Президентининг Мурожаатномаси мамлакатни янада ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлади

ИСЛОМОБОД, 28 декабрь. /“Дунё” АА/. Исломобод стратегик тадқиқотлар институти Россия ва МДҲ давлатлари бўлими бошлиғи Таймур Хон “Дунё” АА учун интервьюсида Президент Шавкат Мирзиёевнинг парламент ва халққа мурожаатномаси ҳақида фикр билдирди:

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасини катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Амин бўлдимки, яқин келажакда Ўзбекистон мисли кўрилмаган даражада ривожланади. Бу борада давлатингиз раҳбари қатор аниқ мақсадларни илгари сурди. Уларни амалга ошириш учун барча жонбозлик кўрсатиши керак.

Президент мамлакат тараққиётига ғов бўлаётган кўплаб муаммолар ва уларнинг омиллари ҳақида гапирди. Иқтисодиётни янада либераллаштириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш орқали янги иш ўринларини яратишга асосий эътибор қаратилишини алоҳида таъкидлади.

Экология масалалари ҳам Мурожаатноманинг асосий мавзуси бўлди. Экология, табиатни асраб-авайлаш, сув ва об-ҳаво билан боғлиқ муаммолар фақат Ўзбекистонга тегишли эмас. Ушбу глобал инқироз бутун жаҳон, хусусан, Покистонни ҳам жиддий ташвишга солаяпти. Покистонда сув тошқинлари, қурғоқчилик, ҳавонинг ифлосланиши каби муаммолар кузатиляпти. Ушбу экологик инқирозлар эса бевосита инсонлар саломатлигига салбий таъсир қилаётир. Ўзбекистон Президенти халқаро минбарлардан туриб ушбу муаммога бутун дунё бирлашган ҳолда қарши курашиши кераклигини мунтазам равишда таъкидламоқда. Шунингдек, бир қатор муҳим ташаббусларни илгари суряпти.

Мурожаатномада таъкидланган ҳудудларда ботаника ва дендрология боғлари ҳамда соя-салқин сайр кўчалар барпо этиш бўйича мақсадлар ва 2026 йилда Марказий Осиё Яшил университети фаолияти кенгайтириш таклифи Покистон томони учун намуна бўлади, деб ўйлайман.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти этиб сайланганидан буён хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан алоқаларни ривожлантиришга катта эътибор қаратиб келмоқда. Натижада, Ўзбекистон очиқ ва глобал муаммолар бўйича ўз таклиф ва ташаббусларини баралла илгари суриб келмоқда. Мамлакатингиз раҳбари, Мурожаатномада ушбу йўналишга тўхталар экан, Ўзбекистоннинг 2026 йилдаги халқаро майдондаги ўрнини янада мустаҳкамлаш бўйича ишлар давом этишини қайд этди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ва бошқа етакчи молия институтлари билан ҳамкорликда иқтисодиётимизни технологик модернизация қилиш, инфратузилмани ривожлантириш, барқарор энергетика ва транспорт лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги ишлар давом эттирилади. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Туркий давлатлар ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида анъанавий, кенг қамровли шериклик алоқалари янада кенгайтирилади.

Давлатингиз раҳбарининг Ўзбекистоннинг асосий хорижий ҳамкорлари қаторида Покистонни ҳам тилга олгани мени жуда қувонтирди. Покистон ва Ўзбекистон муносабатлари сўнгги йилларда ҳақиқатдан ҳам юқори босқичга кўтарилди. Барча соҳаларда шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Кўплаб покистонлик инвесторлар юртингизга қўшма лойиҳаларда иштирок этаяпти. Бу, албатта, Ўзбекистонда хорижий шериклар, хусусан Покистон вакилларига яратилган муносиб шароитлар туфайли, деб биламан.

Ишончим комилки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган навбатдаги Мурожаатномаси Республикани янада ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишда дастуриамал бўлиб хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Dildora Azimova

dildora@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш