Logo

Ўзбекистонлик тадқиқотчилар Франциядаги “CIRAD” марказида малака оширади

Март 21, 2026. 14:25 • 2 дақ

124
Ўзбекистонлик тадқиқотчилар Франциядаги “CIRAD” марказида малака оширади

ПАРИЖ, 21 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Нодир Ғаниев Франция пойтахтида Агрономик тадқиқотлар ва тараққиёт халқаро маркази (CIRAD) бош директори Элизабет Клавери де Сен-Мартен билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

CIRAD – Франциянинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимларини барқарор ривожлантириш бўйича давлат илмий-тадқиқот ташкилоти ҳисобланади. Ташкилот дунёнинг кўплаб мамлакатларида илмий-амалий лойиҳаларни амалга оширади, унинг асосий илмий маркази Монпеле шаҳрида жойлашган.

Музокаралар чоғида қишлоқ хўжалигини инновацион ва барқарор ривожлантириш, ерлар унумдорлигини ошириш ва сув ресурсларини самарали бошқариш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар барқарор пахтачилик, чорвачиликни ривожлантириш, шўрланган ерларни тиклаш ва агроэкологик тажриба ташаббусларини амалга ошириш каби йўналишларда ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Амалий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистонлик мутахассисларнинг Монпеледаги “CIRAD” илмий базасига ташрифини ташкил этиш, шунингдек, халқаро молия институтлари иштирокидаги қўшма тадқиқот лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш