ЮНЕСКОда дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари учун ифторлик ўтказилди
Март 17, 2026. 11:50 • 2 дақ
• 246
ПАРИЖ, 17 март. /“Дунё” АА/. Париж шаҳридаги ЮНЕСКО штаб-квартирасида Ўзбекистоннинг ташкилот ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Туркия ваколатхоналари билан ҳамкорликда ифторлик ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Халқаро исломофобияга қарши курашиш кунига бағишлаб ўтказилган хайрия тадбирида дипломатик корпус вакиллари, ЮНЕСКО котибияти ходимлари ва хорижлик экспертлар иштирок этди.
ЮНЕСКО бош директори Халид Аль-Анани ва Бош конференция президенти Хондкер Талхининг ифторликда қатнашиши тадбирга алоҳида аҳамият бағишлади. Бу ташкилот томонидан турли маданият ва дин вакиллари ўртасидаги мулоқот, бағрикенглик ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларнинг ўзига хос ифодаси бўлди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги тақдимот иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Намойиш этилган видеороликда ушбу янги бунёд этилган марказнинг мамлакатимиздаги бой ислом меросини ўрганиш, сақлаш ва халқаро миқёсда тарғиб қилишга қаратилган йирик илмий-маърифий ва маданий платформа сифатидаги роли алоҳида эътироф этилди.
Мамлакатимизнинг кўп асрлик меҳмондўстлик анъаналари ва бой маданий меросининг ажралмас қисми бўлган миллий таомлар ифторлик дастурхонига ўзгача файз бағишлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси