Ўзбекистон–Япония муносабатлари сифат ва мазмун жиҳатдан янги босқичга кўтарилди
Январ 27, 2026. 09:37 • 3 дақ
• 141ТОКИО, 27 январь. /“Дунё” АА/. Токиода мамлакатимиз элчихонаси томонидан Япония–Ўзбекистон жамияти билан ҳамкорликда маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, илмий ва ишбилармон доиралар вакиллари, талабалар, турли соҳаларда фаолият юритаётган ватандошлар, ОАВ вакиллари, Самарқанд Агроинновациялар ва тадқиқотлар институти ҳамда “Агробанк” АЖ ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон–Япония муносабатларига бағишланган учрашувда элчи Муҳсинхўжа Абдураҳмонов сўзга чиқиб, 2025 йил якунлари бўйича икки давлат ўртасидаги муносабатлар, ҳамкорлик алоқалари ҳақида тўхталиб ўтди.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг Японияга амалга оширган ташрифи Ўзбекистон–Япония муносабатларини сифат ва мазмун жиҳатдан мутлақо янги босқичга олиб чиқиб, савдо-иқтисодий, сиёсат, фан ва инновациялар, туризм, маданият ва миграция соҳаларидаги ҳамкорликни жадал ривожлантиришга асос бўлгани қайд этилди.
2026 йилда ҳам Япония–Ўзбекистон жамияти билан ҳамкорликда дўстона муносабатларни янада кенгайтириш, икки давлат ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган қатор қўшма тадбирлар амалга оширилиши борасида фикр-мулоҳаза алмашилди.
Япония–Ўзбекистон жамияти раиси Фумиҳико Като сўнгги йилларда Японияда Ўзбекистонга бўлган қизиқиш сезиларли даражада ортаётгани, туристлар оқими ва инвестициялар ҳажми ўсиб бораётгани ҳамда жамият аъзолари сони кўпайиб бораётганини алоҳида таъкидлади. JICA ташкилоти билан ҳамкорликда Ўзбекистонда амалга оширилаётган қуритилган хурмо етиштириш лойиҳаси юқори самара берaётгани қайд этилди.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, Япония–Ўзбекистон жамияти 1998 йилда ташкил топган. Бош қароргоҳи Токио шаҳрида жойлашган. Бугунги кунда Японияда фаолият юритаётган халқ дипломатияси йўналишидаги энг асосий дўстлик жамияти ҳисобланади.
Жамиятга 300 нафарга яқин таниқли сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар доира вакиллари, шаҳар мэриялари, Ўзбекистонда аввал фаолият юритган JICA ташкилоти кўнгиллилари ҳамда қатор юридик шахслар аъзо.
Жамиятнинг асосий фаолияти Япония жамоатчилигини Ўзбекистон тарихи, анъаналари ва бой маданияти билан яқиндан таништиришга қаратилган.
Тадбир давомида Япониянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Хатори Такаши Ўзбекистондаги дипломатик фаолияти, бугунги Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни, ўзбек-япон муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари ҳақида фикр билдирди.
Ўзбекистоннинг тинч, хавфсиз ва осойишта мамлакат экани, оқилона ва прагматик ташқи сиёсат натижасида япон сайёҳлари ҳамда инвесторлари сони йилдан-йилга ошиб бораётгани аниқ мисоллар билан келтириб ўтилди.
Тадбирнинг маданий қисмида Ўзбекистоннинг Япониядаги Маданият элчиси Машу Комазаки томонидан ўзбек миллий мусиқа асбоблари – доира ва дуторда миллий куйларимиз маҳорат билан ижро этилди. Японияда фаолият юритаётган “Гулистон” ўзбек миллий рақс ансамбли томонидан намойиш этилган рақслар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Ўзбек миллий либослари, халқ амалий санъати намуналари ва коллаборация маҳсулотлари кўргазмаси, Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги тарғибот материаллари иштирокчиларга намойиш этилди.
Элчихона томонидан тадбир иштирокчиларига ўзбек миллий таомлари – ош, сомса, нон ҳамда қуритилган мевалар тортиқ қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси









