Ўзбек шахматчилари “Freestyle Chess” бўйича жаҳондаги энг кучлилар қаторида
Январ 21, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 201
БЕРЛИН, 21 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистонлик ёш гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов “chess.com” платформасида бўлиб ўтган “Play-In” саралаш турнирида мутлақ ғолибликни қўлга киритиб, “Freestyle Chess” бўйича жаҳон чемпионатининг финал босқичига йўл олди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Саралаш босқичнинг асосий баҳсида ҳамюртимиз ҳиндистонлик кучли рақиб Пранав Венкатеш билан рўбарў келди. Нодирбек юксак маҳорат ва совуққонлик намойиш этиб, рақибини 2:0 ҳисобида мағлуб этди ва нуфузли мусобақанинг сўнгги иштирокчисига айланди.
Эндиликда, шу йилнинг 13–15 февраль кунлари Германиянинг Вайссенхаус (Weissenhaus) шаҳрида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида сайёрамизнинг энг кучли саккиз нафар шахматчиси бош соврин учун кураш олиб боради. Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур “элита” рўйхатидан икки нафар ўзбекистонлик гроссмейстер жой олган.
Ушбу нуфузли мусобақада ҳамюртларимиз Жавоҳир Синдаров ва Нодирбек Абдусатторовдан ташқари, Магнус Карлсен (Норвегия), Фабиано Каруана (АҚШ), Левон Аронян (Арманистон), Аржун Эригайси (Ҳиндистон), Винсент Каймер (Германия) ва Ҳанс Ниманлар (АҚШ) ўзаро куч синашади.
Бу турнир Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) ва “Freestyle Chess” ҳамкорлигида ўтказилаётган илк расмий жаҳон чемпионати ҳисобланади. Роберт Фишер шахмати (Chess 960) йўналишига асосланган ушбу форматда фигураларнинг бошланғич ҳолати қуръа орқали аниқланиб, бу ўйинчилардан нафақат стандарт назарияни билишни, балки юксак креативлик ва тезкор қарор қабул қилиш қобилиятини талаб этади.
Мутахассисларнинг фикрича, бир йўла икки нафар ўзбекистонлик ёш гроссмейстернинг бундай юқори савиядаги мусобақада иштирок этиши мамлакатимизда шахматни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор ва тизимли ислоҳотларнинг амалий самарасидир.
Ўзбекистон шахматчиларининг Германиядаги бўлажак баҳслардаги иштироки халқаро спорт жамоатчилиги ва миллионлаб мухлислар диққат марказида бўлиши, шубҳасиз.
Ушбу шахмат турнири ўзбек шахматчилари учун бегона эмас. 2024 йил февраль ойида шу ерда ўтган “Freestyle Chess G.O.A.T. Challenge” турнири мусобақаларида ҳамюртларимиз ёрқин ўйинлари билан немис мухлислари ва халқаро экспертларни ҳайратда қолдирган.
Нодирбек Абдусатторов феноменал ўйин кўрсатиб, гуруҳ босқичида амалдаги ва собиқ жаҳон чемпионлари Магнус Карлсен ҳамда Дин Лижэнни мағлуб этган ва жадвалда якка пешқадам бўлган.
Жавоҳир эса “Freestyle Chess”да энг хавфли рақиблардан бири эканини исботлаган. У Ян Непомняший ва Левон Аронян каби шахмат юлдузларига қарши муросасиз ўйин намойиш этиб, кутилмаган вазиятларда тезкор ва ностандарт қарор қабул қилиш қобилияти билан мутахассислар эътиборини тортган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
