Суҳайл Хон: Марказий Осиёда ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган низо ва можаролар даври ўтмишда қолди
Декабрь 31, 2025. 09:00 • 4 дақ
• 163
Пекин, 26 декабрь. / “Дунё” АА/. ШҲТ Бош котиби ўринбосари Суҳайл Хон Ўзбекистон халқини яқинлашиб келаётган янги йил байрами билан табриклаб, мамалакатимиз ва ташкилот ўртасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида фикр билдирди:
– Тошкент тиббиёт институти битирувчиси сифатида Ўзбекистон тараққиётини алоҳида қизиқиш билан кузатаман. Сўнгги йилларда Ўзбекистонга амалга оширган сафарларим мамлакатдаги ўзгаришларнинг таъсирчан суръатига бевосита ишонч ҳосил қилиш имконини берди.
Кенг кўламли ўзгаришлар – янги инфратузилма яратилгани, шаҳарлар модернизация қилингани ва энг муҳими, одамлар фаровонлиги сезиларли даражада ошгани мени ҳайратга солди.
Бу ютуқлар фаол ташқи сиёсат ва чуқур ўйланган ички ислоҳотлар билан уйғунлашиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тутган йўлнинг тарихий тўғрилигини яққол тасдиқлайди.
Бугунги кунда Ўзбекистон очиқ дипломатия сиёсатига ишонч билан ўтди, бунда қўшнилар билан муносабатларни мустаҳкамлаш устувор аҳамият касб этди. Олдимизга Марказий Осиёни тинчлик, яхши қўшничилик ва шериклик маконига айлантиришдек, стратегик вазифа қўйилган.
Бир қатор стратегик ва туб ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, мақсадга эришилганини таъкидлаш мумкин. Ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган низо ва можаролар даври ўтмишда қолди. Эски масалаларни ҳал қилиш бўйича фаол саъй-ҳаракатлар минтақадаги муҳитни тубдан ўзгартирди.
Жорий йилда Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши самарали ҳамкорликнинг ёрқин намунаси бўлди.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли кўплаб долзарб масалаларга ечим топилди, биргаликда ривожланиш, фаровонлик ва аҳоли фаровонлиги учун мустаҳкам пойдевор яратилди. Хусусан, сўнгги йилларда минтақада ўзаро савдо, инвестициялар ва транспорт ташувлари ҳажми 5 баробар ошди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон кўплаб йирик давлатлар билан сифат жиҳатидан янги стратегик шериклик даражасига кўтарилди, халқаро жараёнларнинг масъулиятли ва конструктив иштирокчиси сифатидаги ролини мустаҳкамлади.
Шу маънода, ташкил этилган халқаро механизм – Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари самарадорлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Шу йил ноябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган еттинчи йиғилишида Ўзбекистон Президенти томонидан минтақани янада ривожлантиришга қаратилган кўплаб долзарб ташаббуслар илгари сурилди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котибининг ўринбосари сифатида Ўзбекистоннинг ШҲТ кун тартибини шакллантириш ва стратегик мақсадларини амалга оширишдаги анъанавий фаол ролини ишонч билан қайд этаман.
Жорий йил 1 сентябрда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тяньцзинь саммити бўлиб ўтди. Ушбу улкан воқеа Хитойнинг 2024–2025 йиллардаги раислигининг чўққиси бўлди ва Ташкилотимиз тараққиётини янги босқичга олиб чиқди.
Кўплаб янги ташаббуслар илгари сурилди. Улар орасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сермазмун ва амалиётга йўналтирилган таклифларини алоҳида қайд этиш лозим. Улар барча муҳим йўналишларни, хусусан, сиёсий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хавфсизлик механизмларини такомиллаштириш, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш, гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалаларини қамраб олган.
Ўзбекистон томони нафақат бунёдкорлик ташаббусларини таклиф қилмоқда, балки уларни фаол илгари сурмоқда ва амалга оширмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон кўп томонлама дипломатиясининг яна бир муҳим ютуғи – ЮНЕСКО Бош конференцияси Буюк Ипак йўлининг дурдонаси, уч минг йиллик тарихга эга, тинчлик ва халқлар дўстлиги шаҳри бўлган қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқандда ўтказилганини таъкидлаш лозим.
Ўзбекистондаги ўзгаришларнинг асосий пойдевори кенг кўламли ички ислоҳотлар бўлди. Иқтисодиётда бир қатор муҳим ўзгаришлар – валюта бозорини либераллаштириш, кенг кўламли хусусийлаштириш ва минтақадаги энг жозибадор инвестиция муҳитларидан бирини яратиш муваффақиятли амалга оширилди. Давлат ўсиш ва иш ўринларини яратишнинг асосий омили сифатида хусусий бизнесга эътибор қаратиб, иштирок этишни изчил камайтирмоқда.
Шу маънода, транспорт алоқалари ривожланаётгани ва улкан транзит салоҳияти очилаётганини қайд этмоқчиман. Аъзо давлатлар Тяньцзинь декларациясида минтақа ва дунё учун муҳим стратегик ва иқтисодий аҳамиятга эга бўлган “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли қурилиши бошланганини қайд этди.
Умуман олганда, ислоҳотлар натижалари ҳайратланарли. Сўнгги саккиз йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми 2 баробар ўсиб, ўтган йили 115 миллиард долларга етди. Ижтимоий соҳада фуқаролар фаровонлиги биринчи ўринга қўйилди, ўқитувчилар, шифокорлар ва ижтимоий соҳа ходимларининг иш ҳақи бир неча баробар оширилди, етакчи хорижий университетларни жалб қилиш дастури амалга оширилмоқда. Камбағалликни қисқартириш бўйича тизимли чоралар кўрилди – сўнгги йилларда бу кўрсаткич 35 фоиздан 6 фоизга тушди.
Тошкентда бўлиб ўтган ШҲТ доирасидаги анжуманлардан бирида иштирок этиш асносида Тиббиёт академиясида бўлиб, унинг фаолияти, эришилган ютуқлар, талабаларнинг таълим олиши учун яратилган барча шарт-шароитлар билан танишдим. Мамлакатимиздаги бошқа таълим муассасалари қатори мазкур олий ўқув юртида таҳсил олаётган хорижлик талабалар сони кўпайганининг ўзиёқ мамлакат таълим тизимини жаҳон даражасига кўтарилганидан далолат беради.
Котибиятда Гуманитар масалалар бўйича департаментга раҳбарлик қилар эканман, Ўзбекистоннинг ёшлар спортини ривожлантиришдаги тарихий ютуқларини таъкидламасдан иложим йўқ. Мамлакат терма жамоасининг 2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатига чиқиши тарихий воқеа бўлди. Бу муваффақият тизимли ишлар натижасидир. Бокс, кураш, дзюдо, шахмат ва бошқа спорт турлари бўйича эришилган натижалар таҳсинга сазовор.
Чекка шаҳар ва қишлоқларда спорт иншоотларини қуриш ва модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бу тизимли ишлар халқаро майдонда юқори натижаларга эришиш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Умуман олганда, ислоҳотлар халқ ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олмоқда. Ишончим комилки, белгиланган барча вазифаларнинг амалга оширилиши Ўзбекистоннинг келгуси ўн йилликлардаги фаровонлиги ва барқарор тараққиёти учун локомотив бўлиб хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси