Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва сайёҳлик салоҳияти Польшанинг Белосток шаҳрида тақдим этилди
Январ 23, 2025. 10:38 • 3 дақ
• 73
БЕЛОСТОК, 23 январь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Маданият вазирлиги ва Тошкент фармацевтика институти вакилларидан иборат делегациянинг Польшанинг Белосток шаҳрига амалий сафари ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Сафар Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 15 мартдаги "2025 йилда ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг Самарқанд шаҳрида ўтказилишига тайёргарлик кўриш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида уюштирилди.
Ташриф давомида Белосток тиббиёт университетида Ўзбекистон туризм салоҳияти, маданияти, санъатига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси Самарқанд шаҳрида ўтказилиши ва унинг аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, Ўзбекистон миллий стенди ташкил этилди. Унда ўзбек халқининг кўп асрлик амалий санъати намуналари ва бой маданий мероси намойиш этилди ҳамда ўзбек санъат усталари иштирокида концерт дастури тақдим этилди.
Иштирокчилар Янги Ўзбекистоннинг маданий мероси, давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва Самарқанд шаҳрининг тарихий ҳамда туристик салоҳияти ҳақидаги маълумотлар билан батафсил танишдилар.
Йиғилганлар Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО Бош конференциясига тайёргарлигини юқори баҳоладилар.
Тадбир доирасида Тошкент фармацевтика институти ва Белосток тиббиёт университети ўртасида илмий-академик ҳамкорлик бўйича келишув имзоланди.
Белосток тиббиёт университети ректори, профессор Марцин Мониушко билан алоҳида учрашув бўлиб ўтди. Поляк томони Ўзбекистон делегацияси ташаббусини юксак баҳолаб, мазкур ташриф икки мамлакат ўртасидаги таълим, илм-фан ва фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим қадам эканини таъкидлади.
Ректор Марцин Мониушко Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. У Ўзбекистонда таълим, илм-фан ва фармацевтика соҳаларидаги жадал ривожланиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ташаббусларни катта қизиқиш билан кузатаётганини билдирди.
Польша томони, шунингдек, Тошкент фармацевтика институти, балки Тошкент тиббиёт академияси, Самарқанд давлат тиббиёт университети, Андижон давлат тиббиёт институти билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлигини тасдиқлади.
Бундан ташқари, илмий тадқиқотлар, академик алмашинувлар, қўшма фармацевтика ва биотехнология лойиҳаларини амалга ошириш масалалари юзасидан экспертлар доирасида музокаралар ўтказилиши ҳамда 2025 йилда Белосток тиббиёт университети делегациясининг Ўзбекистонга сафари режалаштирилгани маълум қилинди.
Учрашув якунида Белосток тиббиёт университети ва Ўзбекистоннинг тиббиёт ва фармацевтика йўналишидаги етакчи олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қўшма тадқиқот марказлари ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича режалар белгилаб олинди.
Адам Рачински, Белосток тиббиёт университети Халқаро ҳамкорлик бошқармаси ходими
– Тадбир ташкилотчиларидан бири бўлганимдан ниҳоятда хурсандман. Шунингдек, ўзбекистонлик ҳамкасбларим ва дўстларим билан учрашишдан мамнун бўлдим.
Ушбу тадбир Ўзбекистоннинг бой маданий мероси билан танишиш учун яхши имконият бўлди. Қолаверса, ҳамюртларим бетакрор ўзбек миллий мусиқаси ва қўшиқларидан баҳраманд бўлишди. Бир сўз билан айтганда, анжуман ажойиб тарзда кечди.
Кетрин Зиелинска, Белосток тиббиёт университети ўқитувчиси:
– Университетда ўтказилган тадбирдан жуда катта таассурот олдим. Ўзбек маданиятига қойил қолдим. Айниқса, ўзбек миллий қўшиқларидан жуда таъсирландим. Менда Ўзбекистонга сафар қилиш истаги уйғонди. Биз Ўзбекистондаги тиббиёт ва фармацевтика олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга ҳам тайёрмиз.
Войцех Мильтик, Белосток тиббиёт университети Фармацевтика факультети декани, профессор:
– Белосток тиббиёт университети ва Тошкент фармацевтика институти ўртасида муҳим келишув имзоланди. Ҳужжат фан, таълим ва фармацевтика саноати соҳаларида ҳамкорлик қилишни назарда тутади.
Биз қўшма лойиҳаларни амалга оширишни режалаштиряпмиз. Жумладан талабалар алмашинув дастурлари, магистрлик диссертациялари бўйича ташаббуслар ва илмий тадқиқотлар амалга оширилади.
Бугунги учрашув ҳар икки томон учун мустаҳкам ва самарали ҳамкорликнинг биринчи қадами бўлиб хизмат қилади, деб ишонаман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Покистоннинг марказий телеканаллари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ўзбекистоннинг янги элчиси Рим Папасига ишонч ёрлиқларини топширди
Британиянинг нуфузли нашриёт уйи билан ҳамкорлик ўрнатилади
Экспертлар ўзбек–хитой муносабатлари истиқболи хусусида фикр алмашди
Вьетнам Ўзбекистон билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришга тайёрлигини тасдиқлади