Logo

Анқарада Ўзбекистон ва Туркия парламентлараро алоқаларини янада жадаллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди

Июль 20, 2025. 13:32 • 2 дақ

528
Анқарада Ўзбекистон ва Туркия парламентлараро алоқаларини янада жадаллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди

АНҚАРА, 20 июль. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонасида "Туркия-Ўзбекистон" парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси, Адолат ва тараққиёт партияси (АТП) аъзоси Осман Местен бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда, шунингдек, Туркия Парламентидаги "Туркия-Озарбайжон" дўстлик гуруҳи раиси Шамиль Айрим, депутатлар Нуреттин Алан, Мустафа Ҳакан Ўзер, Сайин Баяр Ўзсой ва бошқалар иштирок этди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик алоқалар жадал ривожланиб бораётгани таъкидланган ҳолда, икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

 Парламентлар фаолияти самарадорлигини оширишда ўзаро тажриба алмашиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

 "Ота юртимиз бўлмиш Ўзбекистон билан парламентлараро ҳамкорлик тобора фаоллашаётгани "Туркия – Ўзбекистон" парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси сифатида мени жуда хурсанд қилади", – деди дўстлик гуруҳи раиси Осман Местен.

 "Туркия-Озарбайжон" дўстлик гуруҳи раиси Шамиль Айрим ўз навбатида, Туркия ва Ўзбекистоннинг Озарбайжон билан яқин ҳамкорлик алоқаларини инобатга олган ҳолда "Туркия-Озарбайжон-Ўзбекистон" дўстлик гуруҳи йиғилишини ўтказиш таклифини илгари сурди.

Учрашув давомида, шунингдек, икки томонлама маданий-гуманитар шерикликни, жумладан, таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, атоқли ўзбек адибларининг асарларини турк тилига таржима қилиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Чунончи, депутат Нуреттин Аланнинг келажак авлодлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида "Туркия-Ўзбекистон эртаклари" туркумидаги китобни яратиш ва нашр этиш таклифи қўллаб-қувватланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш