Logo

Ўзбекистон илк бор 21-Венгрия миллий таомлар фестивалида қатнашди

Июнь 04, 2025. 10:29 • 3 дақ

654
Ўзбекистон илк бор 21-Венгрия миллий таомлар фестивалида қатнашди

КЕЧКЕМИТ, 4 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон вакиллари Бач-Кишкун вилояти Кечкемит шаҳридаги марказий майдонда бўлиб ўтган 21-Венгрия миллий таомлари фестивалида ("XXI Local Product Hungarikum Festival") биринчи маротаба иштирок этишди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир доирасида Ўзбекистон миллий стенди ташкил этилди. Унда Ўзбекистоннинг маданий, тарихий ва туризм салоҳияти намойиш этилди.

Ўзбекистон миллий стенди фестиваль меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди ва тадбирнинг марказий элементларидан бирига айланди. Ташриф буюрувчиларга Ўзбекистоннинг бой маданияти, тарихи ва сайёҳлик салоҳияти тақдим этилди. Анъанавий ҳунармандчилик, халқ амалий санъати ва ўзбек усталарининг қадимий техникада яратилган нафис буюмлари намойиш этилаётган экспозицияларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, иштирокчиларга ўзбек миллий таомларини татиб кўриш имконияти тақдим этилди.

Венгрия парламенти вице-спикери Шандор Лежак фестивалнинг очилиш қисмидаги нутқида Ўзбекистон томонини иштирок билан қутлар экан, ўзбек халқининг кўп асрлик маданий меросига юксак баҳо берди ва республиканинг ноёб сайёҳлик салоҳиятини алоҳида таъкидлади. "Ўзбекистоннинг иштироки фестивалга алоҳида мақом берди ва икки давлатнинг халқ дипломатияси орқали яқинлашишга интилиши рамзидир. Ўзбекистон элчихонаси томонидан ўзбек миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ва таомлари муносиб тарзда тақдим этилди. Бу венгерларга буюк Шарқ маданияти лаззатидан баҳраманд бўлиш имкониятини берди", – деди у.

Юртимиз элчиси Ойбек Шахавдинов ўз чиқишида Ўзбекистоннинг ноёб маданий ва тарихий мероси ҳақида гапириб, икки давлат ўртасидаги маданий алмашинувни чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидлади. Элчи Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Будапештга яқинда бўлиб ўтган расмий ташрифи Ўзбекистон-Венгрия муносабатлари тарихида янги босқични бошлаб берганини, кенг кўламли гуманитар, иқтисодий ва маданий ташаббусларни қамраб олган кенгайтирилган стратегик шериклик йўлга қўйилганини алоҳида урғулади. 

Кечкемет шаҳри мэрининг ўринбосари Габор Фекете фестивалнинг аҳамияти йил сайин ортиб бораётганини таъкидлади. "Мазкур фестиваль Венгриянинг барча ҳудудларидан вакилларни бирлаштириб, миллий маданиятни халқаро майдонда тарғиб қилмоқда. Ўзбекистоннинг ушбу тадбирда иштироки эса маданиятлараро ҳамкорликни кучайтирди, халқ дипломатияси ва туризм алмашинуви учун янги имкониятлар очди", деди Габор Фекете.

Икки кун давом этган фестивалда Ўзбекистон миллий стендига мингдан ортиқ киши ташриф буюрди.

Истван Молнар, фестиваль меҳмони:

– Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам гўзал мамлакат. Венгер ва ўзбек халқлари ўртасида азалий дўстона муносабатлар мавжуд. Халқларнинг буюк кўчиш даврида Карпат ҳавзасига кўчиб келган аждодларимиз ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидан ўтган. Бу маънавий-тарихий қариндошлик бугун ҳам сезилади. Мен барча венгерларга ушбу ажойиб мамлакатга ташриф буюришни маслаҳат бераман. Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам ўз кўзингиз билан кўришга арзийди.

Роберт Хетени Мартон, фестиваль меҳмони:

 – Мен пойтахт Будапештдан 80 километр узоқликдаги Кеcскемет шаҳрида яшайман. Ушбу фестивалда Ўзбекистонни кўриш мен учун ҳақиқий туҳфа бўлди. Бундай тадбирда хорижлик меҳмонлар билан учрашишни кутмагандим.

Мен кўп саёҳат қиламан ва кўплаб мамлакатларда яшадим, шунинг учун она шаҳримдаги халқаро ҳамжамият билан мулоқот қилишни соғиндим. Бугун эса Ўзбекистон дипломатлари билан мулоқотда бўлдим, меҳмондўстлигингизни ҳис қилдим, миллий ўзбек таомларини татиб кўрдим. Бу ақл бовар қилмайдиган таъмни тақдим этди. Улар менга жуда ёқди. Бу ҳақиқий ошпазлик маданияти. Иштирок этганингиз учун ташаккур. Сиз бизнинг фестивалимизни ўзгача қилдингиз.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш