Logo

Ўзбекистон бош консули ва Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлигининг Мадина бўлинмаси директори ҳамкорликнинг иcтиқболли йўналишларини келишиб олдилар

Июнь 19, 2025. 16:14 • 2 дақ

297
Ўзбекистон бош консули ва Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлигининг Мадина бўлинмаси директори ҳамкорликнинг иcтиқболли йўналишларини келишиб олдилар

МАДИНА, 19 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги бош консули Сирожиддин Шамсуддинов Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлигининг Мадина шаҳридаги бўлими директори Иброҳим бин ал-Аҳмадий билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Иброҳим бин ал-Аҳмадий юртимиз бош консулини янги лавозимга тайинлангани билан табриклаб, Саудия ТИВ Мадина бўлими томонидан барча масалаларда амалий ёрдам кўрсатилишини билдирди.

Ўзбекистон Президентининг Саудия Арабистонига буюрган ташрифидан сўнг турли соҳаларда ўзаро ҳамкорлик жадаллашгани ва сўнгги йилларда делегациялар алмашинуви фаоллашгани қайд этилди.

"Ўзбекистонда ислом динининг асл моҳиятини ўрганиш ва тарғиб қилиш, диний-маънавий меросни кенг тадқиқ этиш борасида олиб борилаётган сиёсатни юқори баҳолаймиз. Ислом дини равнақига катта ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий, Маҳмуд Замахшарий сингари буюк уламоларнинг бебаҳо илмий меросини биргаликда ўрганиш муҳим", – деди Саудия вакили.

Суҳбат давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, иқтисодиётни либераллаштириш ва ташқи савдони ривожлантириш йўлидаги ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилган қулайликлар ҳақида маълумот берилди.

Ўзбекистон-Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик алоҳида ўрин тутиши қайд этилди. Икки давлат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларини кенгайтириш учун салмоқли салоҳият борлиги ҳамда ушбу имкониятлардан самарали фойдаланишдан томонларнинг манфаатдорлиги билдирилди.

Томонлар Ўзбекистон ва Саудия ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ва тадбиркорлар делегацияларининг икки томонлама ташрифларини уюштиришга келишиб олдилар.

Суҳбат якунида ўзаро савдо-иқтисодий, сайёҳлик, илм-фан ва маданият соҳаларида бўлиб ўтадиган халқаро кўргазма, фестиваль ва конференциялар ҳақида ўзаро маълумот алмашиш ҳамда вакиллар иштирокини таъминлаш таклифи қўллаб-қувватланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш