Logo

Тошкентда бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқнинг 150- Ассамблеяси якунлари Британия парламентида юксак баҳоланди

Июль 10, 2025. 14:10 • 2 дақ

45
Тошкентда бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқнинг 150- Ассамблеяси якунлари Британия парламентида юксак баҳоланди

ЛОНДОН, 10 июль. /"Дунё" АА/. Британия парламентида Буюк Британия-Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлигига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Британия парламенти Жамоатчилик палатаси аъзолари Карен Брэдли, Памела Кокс, Жон Виттингдейл ва Тан Деси ҳамда Лордлар палатаси аъзоси баронесса Уддин, шунингдек, Парламентлараро Иттифоқдаги Британия гуруҳи (BGIPU) ва Марказий Осиё мамлакатларининг Лондондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарияти ва вакиллари иштирок этди.

Хорижий томонга Янги Ўзбекистонда жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида, хусусан, парламентаризмни ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтириш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-логистика, туризм, илмий ва академик салоҳияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил 5-9 апрель кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқнинг 150- Ассамблеясида олтита муҳим йўналиш бўйича илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар ҳақида хорижий иштирокчиларга батафсил маълумот берилди.

Дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари ўз чиқишларида Буюк Британия билан икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ҳамда ўз мамлакатларидаги иқтисодий имкониятлар ҳақида маълумот бердилар.

Британиялик депутатлар тарихда илк бор Тошкентда ўтказилган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясини юқори даражада ташкил этилганини ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган таклифлар республика имижини халқаро майдонда янада мустаҳкамлаш, барқарор тараққиётни таъминлаш ва жаҳон давлатлари билан ҳамкорликни кучайтириш йўлида муҳим қадам бўлганини алоҳида қайд этдилар.

Томонлар парламентлараро мулоқотни фаоллаштириш истиқболлари ҳақида ҳам фикр алмашдилар. Британия-Марказий Осиё давлатлари, шу жумладан Ўзбекистон билан муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва томонларни қизиқтирган соҳаларда ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг қўшимча механизмларини яратиш муҳимлиги таъкидланди.

Тадбир якунда икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича мавжуд салоҳиятни тўлиқ рўёбга чиқариш бўйича амалий қадамларни жадаллаштириш мақсадида ўзаро мулоқотларни давом эттириш юзасидан келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш