БМТда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви якунлари юзасидан брифинг ўтказилди
Декабрь 06, 2025. 11:53 • 3 дақ
• 408
НЬЮ-ЙОРК, 6 декабрь. /“Дунё” АА/. БМТ бош қароргоҳида Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари ва Озарбайжон дипломатик ваколатхоналари вакиллари томонидан брифинг ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда 15–16 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви якунлари ҳақида БМТ матбуот хизмати ва оммавий ахборот воситалари ходимларига батафсил маълумот берилди.
Брифингда Маслаҳат учрашуви давомида Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, устувор соҳаларда қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни амалга ошириш борасида қатор муаммоларга самарали ечим топишга муваффақ бўлингани таъкидланди.
Хусусан, давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли 2025 йил март ойида Хўжандда имзоланган Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома чегара муаммоларини ҳал қилишда тарихий ютуқ бўлди. Натижада, ҳудудий масалалар узил-кесил ҳал этилди, ўтказиш пунктлари очилди, сув-энергетика соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилди, транспорт алоқалари тикланди, фаол савдо, инвестициявий ва гуманитар алоқалар учун қулай шароитлар яратилди.
Бугун Марказий Осиё барқарор ўсиш ва тараққиёт учун янги имкониятлар очаётган жадал ривожланиш ва самарали ҳамкорлик макони экани таъкидланди. Минтақа жадал суръатлар билан жаҳон иқтисодиётига интеграциялашмоқда. Унинг инвестициявий жозибадорлиги ўсмоқда, учинчи мамлакатлар бозорларига экспорт имкониятлари кенгаймоқда, транзит салоҳияти ошмоқда.
Хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, терроризм, экстремизм ва трансмиллий жиноятчилик таҳдидларига қарши курашиш борасида кўрилаётган тизимли чора-тадбирларга эътибор қаратилди.
Брифингда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2027–2028 йилларга мўлжалланган муваққат аъзолигига Қирғизистон номзоди бўйича БМТга аъзо давлатларга мурожаатнома имзолангани маълум қилинди.
Озарбайжоннинг тўлақонли иштироки тўғрисидаги қарор Маслаҳат учрашувларига кучли суръат бағишлайдиган, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, барқарор ривожланиш масалалари бўйича яхлит ечимларни ишлаб чиқиш учун янги уфқлар очадиган стратегик қадам бўлгани қайд этилди. Бу Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида мустаҳкам кўприк яратишга имкон беради.
Хавфсизлик муаммоларини ҳал этиш, можароларни тинч йўл билан ҳал этишга кўмаклашиш ва минтақавий шериклар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш борасидаги ҳамкорликнинг кенг қамровли асоси бўлган Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик концепцияси қайд этилди.
Бундан ташқари, тасдиқланган 2026–2028 йилларга мўлжалланган Марказий Осиёда хавфсизликка таҳдидлар ва уларнинг олдини олиш чора-тадбирлари каталоги трансмиллий жиноятчилик ва экстремизмдан тортиб кибертаҳдидлар ва экологик хавф-хатарларгача бўлган юзага келаётган таҳдидларга мувофиқлаштирилган минтақавий ҳаракатлар орқали қарши туриш учун амалий йўл харитасидир.
Хулоса қилиб айтганда, Тошкентдаги Маслаҳат учрашуви Марказий Осиё мамлакатларининг бирдамлигини, ҳамкорлик, барқарорлик ва тараққиётга кўмаклашиш борасидаги қатъиятини намойиш этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси