ЖИДУ ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабалари Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонасида амалиёт ўтамоқда
Сентябрь 12, 2025. 09:12 • 2 дақ
• 133
ИСЛОМОБОД, 12 сентябрь. /"Дунё" АА/. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабалари Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонасида амалиёт ўтамоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Ташқи сиёсий фаолият учун етук ва малакали кадрлар базасини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан мамлакатимиз олий таълим муассасаларида халқаро муносабатлар ва халқаро иқтисодий муносабатлар йўналишларида таълим олаётган иқтидорли талабаларни хориждаги дипломатик ваколатхоналаримизда амалиёт ўташга юбориш тажрибаси йўлга қўйилган.
Шу мақсадда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг бир гуруҳ фаол ва ташаббускор талабалари Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонасида касбий амалиёт кўникмалари билан танишмоқда.
Талабалар элчихона фаолиятининг асосий йўналишлари, кундалик дипломатик ишлари, шунингдек, халқаро муносабатларнинг амалий жиҳатларини ҳар томонлама ўрганмоқда.
Улар дипломатик протокол қоидалари, халқаро ҳуқуқ нормаларини қўллашнинг амалий механизмлари, икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича сиёсий ва иқтисодий ташаббус ҳамда таклифларни ишлаб чиқиш жараёнлари билан бевосита танишяпти.
Шу билан бирга, талабалар ҳамкор томон билан музокаралар олиб бориш усуллари, дипломатик ёзишмаларни юритишнинг тартиб-таомиллари, расмий хат-хабарлар ва дипломатик нота алмашиш бўйича билимларини мустаҳкамламоқда.
Элчихонадаги амалиёт жараёни талабаларга нафақат кузатувчи сифатида, балки бевосита иштирокчи сифатида ҳам қатнашиш имкониятини бермоқда. Улар учрашувлар, музокаралар ва расмий тадбирларни ташкил қилиш ҳамда ўтказиш жараёнларини жонли кузатиш орқали келгусида дипломатик хизматда фаолият юритиш учун зарур бўлган кўникмаларни эгаллаяпти.
Амалиётчилар Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан элчихона томонидан ўтказилган тантанали тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни муваффақиятли ташкил этиш билан боғлиқ жараёнда ҳам фаол иштирок этди. Бу жараён талабаларнинг ташкилотчилик, жамоада ишлаш ва масъулиятни ҳис қилиш каби муҳим шахсий сифатларини ривожлантирди.
Элчихонадаги мазкур амалиёт ёш мутахассислар учун нафақат назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштириш имкониятини яратди, балки уларда замонавий дипломатия талабларига мос кўникмаларни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Покистоннинг марказий телеканаллари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ўзбекистоннинг янги элчиси Рим Папасига ишонч ёрлиқларини топширди
Британиянинг нуфузли нашриёт уйи билан ҳамкорлик ўрнатилади
Экспертлар ўзбек–хитой муносабатлари истиқболи хусусида фикр алмашди
Вьетнам Ўзбекистон билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришга тайёрлигини тасдиқлади