Кувайтлик блогер ва тадбиркор аёллар Ўзбекистонга қизиқиш билдирмоқда
Апрель 21, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 218
АЛ-КУВАЙТ, 21 апрель. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб этиш мақсадида туризм, маданият, адабиёт ва медиа соҳаларида фаолият юритаётган маҳаллий тадбиркор аёллар билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда тревел-блогер Амани Ал Нафиси, сайёҳлик компания асосчиси Суад Ал-Маҳри, ёзувчи ва адабиётшунос Ҳанан Ал Адвани, халқаро сайёҳлик йўналишлари координатори Алтаф Ал-Қадиби, сайёҳлик агентлиги раҳбари Эбтисам Алмизель, сайёҳлик гуруҳлари ташкилотчиси Ҳузама Руайд каби кувайтлик блогер ва тадбиркор аёллар иштирок этди.
Мулоқот чоғида меҳмонлар Ўзбекистоннинг бой тарихи, бетакрор маданий мероси, гўзал табиати ва миллий таомлари ҳақида маълумотга эга эканини таъкидлади. Шу билан бирга, улар ушбу ислоҳотлар билан яқиндан танишиш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюриш истагини билдирди.
Кувайтлик хотин-қизлар Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини ўз юрти жамоатчилиги орасида кенг тарғиб қилиш, шу орқали минтақа давлатларидан сайёҳлар оқимини оширишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканини маълум қилди.
Элчихона дипломатлари юртимизда бугунги кунда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ҳақида ҳам маълумот берди. Хусусан, туризм соҳасини жадал ривожлантириш, замонавий инфратузилмани шакллантириш, хизмат кўрсатиш сифатини халқаро стандартларга мослаштириш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида тўхталиб ўтилди.
Тревел-блогер Амани Ал Нафиси ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали Ўзбекистон ҳақида медиа материалларни кенг ёритиш ниятида эканини билдирди. Жумладан, у миллий ошхонага бағишланган махсус контент тайёрлаш режалари ҳақида маълумот берди.
Учрашув якунида иштирокчилар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва тарғибот ишларини фаоллаштириш юзасидан келишувга эришди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси