Logo

Зомин тоғларини ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш ташаббуси муҳокама қилинди

Апрель 14, 2026. 15:20 • 2 дақ

92
Зомин тоғларини ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш ташаббуси муҳокама қилинди

ПАРИЖ, 14 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг доимий ваколатхонаси кўмагида ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси маркази ҳамда Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси вакиллари ўртасида онлайн мулоқот ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу онлайн учрашув “Зомин тоғлари” табиий ҳудудини ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш бўйича номзодлик ҳужжатларини тайёрлаш жараёнларига бағишланди.

Муҳокамада асосий эътибор номзодликни тайёрлашнинг илмий, техник ва ташкилий жиҳатларига қаратилди. Томонлар ҳужжатларни халқаро талаблар ва ЮНЕСКОнинг белгиланган мезонларига тўлиқ мувофиқ ҳолда шакллантириш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, тақдим этилаётган материалларнинг ҳудуднинг табиий хусусиятлари ва экологик аҳамиятини тўлиқ ва холис акс эттириши муҳим экани қайд этилди.

Учрашув давомида ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси маркази номзодлар бўлими раҳбари Алессандро Бальсамо ҳамда ушбу бўлим мутахассиси Тьяго Лопес Ўзбекистон томонидан тайёрланган дастлабки материалларга юқори баҳо берди. Улар “Зомин тоғлари” ҳудудининг ўзига хос табиий ландшафтлари, биологик хилма-хиллиги, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси бойлиги ҳамда унинг табиий меросини алоҳида эътироф этди.

Шунингдек ўқинг

ЮНЕСКО экспертлари Ўзбекистон томонига номзодликни тайёрлашнинг барча босқичларида услубий ва экспертлик кўмагини кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Шу муносабат билан улар Бутунжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Конвенция ҳамда унинг қўлланмаси талабларига мувофиқлаштириш бўйича амалий тавсиялар берди.

Мулоқот чоғида номзодлик ҳужжатларини янада такомиллаштириш, уларни халқаро стандартларга мослаштириш ҳамда илмий асосларни кучайтириш бўйича қатор таклиф ва тавсиялар ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасида “Зомин тоғлари” номзодликни тайёрлаш борасида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича келишувга эришилди. Томонлар ушбу табиий ҳудудни ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритишга қаратилган кейинги амалий вазифаларни белгилаб олди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш

Барчаси