Logo

Мисрлик туроператорлар Ўзбекистонга қизиқиш билдирмоқда

Апрель 21, 2026. 18:55 • 2 дақ

184
Мисрлик туроператорлар Ўзбекистонга қизиқиш билдирмоқда

ҚОҲИРА, 21 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси томонидан ушбу давлатдаги “Shadow Tours” сайёҳлик компанияси вакиллари ­– Ясмин Ҳамза Аҳмед ва Рана Ҳани билан учрашув ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот давомида туризм соҳасида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Маълум қилинишича, “Shadow Tours” компанияси 2016 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда Миср, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларида фаолият юритмоқда. Компания асосан маданий ва тарихий туризм йўналишларига ихтисослашган бўлиб, туристлар учун турпакетлар, экскурсиялар ва меҳмонхона хизматларини тақдим этиб келмоқда.

Учрашув давомида томонлар туризм соҳасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини атрофлича муҳокама қилди. Хусусан, Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий меросини Миср ҳамда Африка давлатларида кенг тарғиб қилиш, туристлар оқимини ошириш, шунингдек, икки томонлама туристик алоқаларни ривожлантириш бўйича фикр алмашилди.

Шунингдек ўқинг

Мисрлик мутахассислар таъкидлашича, Туркияда Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари ҳақидаги маълумотлар ҳали етарли даражада шаклланмаган. Шу боис, мақсадли туристик форумлар ташкил этиш, туроператорлар учун Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини ёритувчи буклет ва журналларни тарқатиш, ахборот-тарғибот ишларини кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.

Музокараларда Миср томони ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини билдирди. “Shadow Tours” компанияси вакиллари учун Ўзбекистоннинг туристик имкониятларига бағишланган алоҳида тақдимот ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Ясмин Ҳамза Аҳмед жорий йил апрель–май ойларида компания вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи режалаштирилаётганини қайд этди. Меҳмонлар Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига бориб, мамлакатнинг туристик салоҳияти билан яқиндан танишади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш