Logo

Малайзияда "Ўзбекистон – цивилизациялар чорраҳаси" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди

Июль 15, 2025. 11:19 • 55 сония

495
Малайзияда "Ўзбекистон – цивилизациялар чорраҳаси" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди

КУАЛА-ЛУМПУР, 15 июль. /"Дунё" АА/. Малайзиянинг Малайя университетида "Ўзбекистон – цивилизациялар чорраҳаси" мавзусида давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев тадбирнинг очилиш қисмидаги нутқида мамлакатимиз тарихи, сайёҳлик салоҳияти, зиёрат туризми имкониятлари, Ўзбекистон заминида етишиб чиққан улуғ олимлар ва уларнинг бой илмий мероси тўғрисида сўзлаб берди.

Давра суҳбати қатнашчилари ўзбек ва малай халқларининг бир-бирига ўхшаш бўлган тарихий йўли, маданияти ва санъати ҳамда исломий қадриятлари тўғрисида фикр алмашдилар.

Икки давлат ўртасида давом этаётган фаол сиёсий-дипломатик алоқаларнинг аҳамияти ва ўзининг амалий натижаларини бера бошлаган етакчиларнинг олий даражадаги ташрифларида эришилган келишувлар алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, "Ўзбекистон – 2030" ва "Малайзия Мадани" стратегик дастурларининг мақсад ва вазифалари ўхшаш экани урғуланди.

Йиғилганларга Ўзбекистон мезбонлик қилаётган муҳим халқаро тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида Самарқандда бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош ассамблеясининг 43-сессияси иштирокчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди.

Давра суҳбати якунида Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Малайя университети ўртасида маданий ва ижтимоий-гуманитар йўналишларда илмий ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш