Logo

ЮНEСКО штаб-квартирасида Ўзбекистон мусиқа ва рақс санъати тақдимоти бўлиб ўтди

Декабрь 18, 2023. 10:00 • 3 дақ

512
ЮНEСКО штаб-квартирасида Ўзбекистон мусиқа ва рақс санъати тақдимоти бўлиб ўтди

ПАРИЖ, 18 декабрь. /«Дунё» АА/. ЮНEСКОнинг Париждаги қароргоҳида Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) ташкил этилганининг 30 йиллигига бағишланган «Биз биргамиз» концерт дастури бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда ТУРКСОЙ раҳбарияти ва унга аъзо давлатлар, шунингдек, ЮНEСКО мутасаддилари ва ходимлари, хорижий давлатлар элчилари, Франция ишбилармон ва илмий доира вакиллари, маданият арбоблари, шунингдек, фаол ватандошлар қатнашди.


Маданий анжуманнинг фахрий меҳмонлари сифатида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) бош котиби Кубаничбек Омуралиев, ЮНEСКО Бош конференцияси раиси Симона-Мирела Микулеску, ЮНEСКО бош директорининг ташқи алоқалар бўйича ўринбосари Антонио Охеменг-Боама, ТУРКСОЙ бош котибининг ўринбосари Сайит Юсуф ва бошқалар иштирок этишди.


Концерт дастури аввалида ЮНEСКО котибияти ва ТУРКСОЙ вакиллари сўзга чиқиб, иштирокчиларни қутлашди. Улар, шунингдек, Ўзбекистоннинг туркий дунёда, жумладан, ТУРКСОЙ фаолиятидаги  ўрни ва аҳамиятини юқори баҳолашди.


Гала-концертда Ўзбекистон давлат филармонияси жамоаси, «Наврўз» ашула ва рақс ансамбли, «Бек» доирачилар гуруҳи ва бошқалар  ўзларининг маданий дастурларини тақдим этишди.


Меҳмонлар Ўзбекистон санъат усталари томонидан ижро этилган миллий куй ва қўшиқларни олқишлар билан кутиб олишди ҳамда юқори баҳолашди.

Шунингдек ўқинг


ЮНEСКО бош директорининг ташқи алоқалар бўйича ўринбосари Антонио Охеменг-Боама:

– Бугун ЮНEСКО бош қароргоҳида ТУРКСОЙ ташкил топганининг 30 йиллигини кенг нишонладик. Ушбу маданий тадбир ташкилот учун жуда муҳим воқеа. Маданият ва санъат давлатлар ўртасида тинч ҳамда дўстона муносабатларни ўрнатиш учун кўприкдир. Бугун тақдим этилган концерт дастури Франция жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотгани бежиз эмас. ТУРКСОЙга аъзо давлатлар, хусусан, Ўзбекистон халқининг маданияти ва мусиқаси барчамизда унутилмас таассурот қолдирди. Ушбу қадриятлар дунё халқлари ва мамлакатлари ўртасида тинчлик ва дўстлик ғояларини кенг ёйишга хизмат қилади.


ТДТ бош котиби Кубаничбек Омуралиев:

Бу йил ташкилотга аъзо барча мамлакатларда ТУРКСОЙ ташкил этилганининг 30 йиллиги кенг нишонланди. ТУРКСОЙни туркий давлатларнинг ЮНEСКОси дейишади. Бугун Парижда дипломатик корпус, диаспора ва маҳаллий жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилган концерт дастурида мамлакатларимиз санъат усталари биргаликда ўз маданий дастурларини намойиш этишди. Ўйлайманки, биз бутун дунёга туркий маданият абадий олами бой тарихга эга эканлигини кўрсата олдик. «Бирлик - бизнинг кучимиз» — бизнинг умумий шиоримиздир.


ТУРКСОЙ бош котибининг ўринбосари Сайит Юсуф:

– ТУРКСОЙ 1993 йилдан буён буюк туркий маданиятни дунёга кенг тарғиб этишда самарали фаолият кўрсатмоқда. Бу йил ташкилот ташкил топганининг 30 йиллиги муносабати билан ТУРКСОЙга аъзо барча давлатларда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам қатор маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Мамлакатингиз, шубҳасиз, ташкилотда ҳамиша алоҳида ва муҳим ўринни эгаллаб келган. Чунки, Ўзбекистон Туркистоннинг ва бутун туркий дунёнинг қоқ марказида жойлашган. Ўзбекистоннинг ноёб маданий мероси ва инсоний салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда туркий дунёнинг «флагмани» дейиш мумкин.


Сўнгги йилларда Ўзбекистон ТУРКСОЙ фаолиятидаги иштирокини сезиларли даражада фаоллаштирди ва бу орқали туркий дунёнинг бирлиги ҳамда яхлитлигини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар учун ТУРКСОЙ номидан Ўзбекистон Президентига чуқур миннатдорлик билдирамиз.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш