Пекинда Ўзбекистон халқ амалий санъати ва туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди
Август 22, 2025. 15:40 • 2 дақ
• 75
ПЕКИН, 22 август. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонасида Ўзбекистон халқ амалий санъати ва туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот тадбири ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Хитой маданияти, санъати, туризм соҳаси, ОАВ ҳамда Ўзбекистон сайёҳлик компаниялари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистонда туризм соҳаси фаол ривожланиб, барқарор иқтисодий ўсиш драйверларидан бирига айланаётгани таъкидланди.
Иштирокчилар юртимизнинг халқ амалий санъати, Ўзбекистонда сайёҳлик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижий туристлар учун яратилаётган қулай шароитлар, мамлакатимизнинг туризм салоҳияти ва имкониятлари билан танишдилар.
Ўзбек ва хитой халқлари маданий-гуманитар соҳада тарихий ришталар билан ўзаро боғланганлиги хусусан, Ўзбекистон – Хитой дўстлигини мустаҳкамлашда халқ дипломатиясининг улкан аҳамияти тобора яққол бўлиб бораётганлиги сўзлаб берилди.
Мамлакатларимиз ўртасида маданий-гуманитар алмашинувни ривожлантириш, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, туризм соҳаларида ҳамкорлик қилишнинг мустаҳкам институционал асослари шакллангани қайд этилди.
Таъкидланганидек, ўзбекистонлик ёшларнинг хитой тилини ўрганишга, тарихи ва маданиятини билишга худди шундай хитойлик ёшларнинг ҳам ўзбек тилини ўрганиш, мамлакатимиз тарихи, маданияти, халқимиз урф-одатлари билан яқиндан танишишга қизиқиши ортиб бормоқда.
Иштирокчиларга Хитой тили Ўзбекистоннинг нафақат олий таълим муассасаларида, балки мактабларида ҳам таълим дастури кирилгани, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Конфуций институтлари фаолият юритаётгани билдирилди.
Мамлакатларимизнинг тарихий ва маданий яқинлиги фаол туризм алмашинувлари ривожи учун ҳам қулай шароит яратмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Хитой сайёҳлик гуруҳлари ташриф буюриши учун тавсия этилган мамлакатлар рўйхатига киритилган.
Бундан ташқари, 2025 йилнинг 1 июндан Ўзбекистон ва Хитой ўртасида 30 кунлик визасиз режим кучга киргани урғуланди.
2025 йил "Хитойда Ўзбекистон туризм йили" деб эълон қилинган ва унинг доирасида Пекин, Шанхай, Гуанчжоу, Ханчжоу, Сиань, Тяньцзинь, Шэньчжэнь, Чэнду, Чунцинь, Циндао, Урумчи, Қашғар, Гонгконг ҳамда бошқа кўплаб шаҳарларда турли маданий, туристик ва иқтисодий тадбирлар ўтказилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистонда хитойлик туристлар учун қулай муҳит яратишга йўналтирилган стандартлар яъни "China Friendly" тизими фаол жорий этилаётгани ҳамда ушбу ташаббус доирасида аэропортлар, меҳмонхоналар ва ресторанларда хитой тилидаги менюлар, ёзувлар ва йўл кўрсаткичлар ўрнатилаётгани таъкидланди.
Томонларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида айни вақтда Ўзбекистон ва Хитой авиакомпаниялари икки мамлакат шаҳарлари ўртасида йўлга қўйган авиақатновлар сони ҳафтасига 60 дан ошди.
Ўзбек томони яқин келажакда ушбу авиақатновлар сонини ҳар ҳафтасига 100 тага ва Ўзбекистонга борувчи хитойлик туристлар сонини 1000000 тага етказишни мақсад қилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Покистоннинг марказий телеканаллари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ўзбекистоннинг янги элчиси Рим Папасига ишонч ёрлиқларини топширди
Британиянинг нуфузли нашриёт уйи билан ҳамкорлик ўрнатилади
Экспертлар ўзбек–хитой муносабатлари истиқболи хусусида фикр алмашди
Вьетнам Ўзбекистон билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришга тайёрлигини тасдиқлади