Покистоннинг нуфузли нашри Ўзбекистон элчиси билан эксклюзив интервьюни эълон қилди
Июнь 23, 2026. 10:30 • 3 дақ
• 88
ИСЛОМОБОД, 23 июнь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг етакчи “Pakistan In The World” журналида Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев билан интервью эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Интервью журнал мухбирининг “Покистонни мамлакат сифатида, халқини эса миллат сифатида қандай баҳолайсиз?” деган саволи билан бошланган.
Ўзбекистон элчиси Покистонни улкан геосиёсий аҳамиятга эга, стратегик жойлашуви, инсон капитали ва бой маданий мероси билан ажралиб турувчи давлат сифатида билишини, 250 миллиондан ортиқ аҳолига эга ушбу мамлакат Жанубий Осиёдаги муҳим иқтисодий ва сиёсий марказлардан бири ҳисобланишини қайд этган.
“Мен юртингизни катта имкониятлар мамлакати, Покистон халқини эса меҳмондўст, жасур, билимга чанқоқ ва ўз қадриятларига содиқ миллат сифатида баҳолайман. Айниқса, Покистон халқининг Ўзбекистонга нисбатан самимий муносабати мени чуқур таъсирлантирган. Қаерга борманг, Самарқанд, Бухоро, Имом Бухорий, Бобур ёки Навоий номи тилга олинади. Бу эса халқларимиз ўртасидаги маънавий яқинлик асрлар давомида сақланиб келаётганини кўрсатади”, – деган дипломат.
Шунингдек, интервью давомида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги стратегик шерикликнинг ҳолати ҳамда кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари хусусида сўз юритилган.
Хусусан, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Покистон ўртасида юқори даражада мунтазам сиёсий мулоқот фаоллашгани эътироф этилган. Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 5–6 февраль кунлари Покистонга амалга оширган давлат ташрифи тарихий аҳамият касб этгани урғуланган.
Шу билан бирга, интервьюда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг ҳолатига тўхталиб ўтилган.
“Покистон–Ўзбекистон мулоқотининг устувор йўналишларидан бири сифатида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш белгиланган. Тизимли саъй-ҳаракатлар натижасида сўнгги саккиз йилда икки томонлама савдо ҳажми динамик ўсиш суръатларини намоён этмоқда, унинг умумий ҳажми деярли 12 бараварга ошди. 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, ушбу кўрсаткич 475 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Олий даражадаги келишувларга мувофиқ, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини яқин келажакда 2 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ мақсадлар белгиланган”, – деган элчи.
Суҳбатда Ўзбекистон ва Покистон ўртасида ўзаро савдода энг қулай режим ўрнатилгани ҳамда “Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим” имзолангани қайд этилган. Ушбу битим доирасида қатор товар позициялари учун тариф имтиёзлари жорий этилган. Томонлар мазкур битим доирасида товарлар номенклатурасини кенгайтириш бўйича доимий мулоқот олиб бормоқда.
Шунингдек, “Трансафғон” уч томонлама темир йўл лойиҳасининг аҳамияти ҳақида сўз юритилган.
“Трансафғон темир йўли нафақат иқтисодий, балки геостратегик аҳамиятга эга лойиҳадир. У Марказий ва Жанубий Осиёни боғлайдиган янги транспорт артерияси бўлиши мумкин. Ушбу лойиҳанинг тўлиқ амалга оширилиши барча томонлар учун фойдалидир. Ўзбекистон бундай инфратузилмавий лойиҳаларни минтақавий интеграциянинг асосий устуни деб билади”, – деган Алишер Тўхтаев.
Суҳбатда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги туристлар алмашинувини ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам сўз борган.
Ўзбекистон элчиси таъкидлаганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон Покистон фуқаролари учун виза тартибини сезиларли даражада енгиллаштирди. Бу эса зиёрат туризми, тарихий мерос туризми ва оилавий саёҳатлар сонининг ошишига хизмат қилди.
“Uzbekistan Airways” ва “Centrum Air” томонидан Ўзбекистон ва Покистон ўртасида авиақатновлар сони ҳафтасига 6 тага етказилди: Тошкент–Лаҳор йўналишида 4 та, Исломобод–Тошкент йўналишида 2 та рейс амалга оширилмоқда. Яқин келажакда Тошкент–Карачи ўртасида ҳам парвозларни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, интервью давомида мухбирнинг таълим, тиббиёт, фармацевтика ва маънавий-маърифий йўналишлардаги икки томонлама алоқаларни ривожлантириш истиқболлари ҳамда Абу Райҳон Беруний ва Мирзо Ғолиб меросини биргаликда тадқиқ этиш имкониятлари хусусидаги саволларига батафсил жавоб берилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси