Юртимизнинг Покистондаги элчихонаси Гурландаги техникумга ноутбуклар тақдим этди
Июнь 18, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 91
ИСЛОМОБОД, 18 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси томонидан Хоразм вилояти Гурлан туманидаги 3-сонли техникумига 10 дона ноутбук тақдим этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Юртимиздаги касб-ҳунар техникумларини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар Ўзбекистон Президентининг жорий йил 15 январь куни Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан ўтказган учрашувида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилмоқда.
Мазкур топшириққа мувофиқ, Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонасига юртимиздаги 33 та касб-ҳунар техникуми, жумладан, Гурлан туманидаги 3-сонли техникум бириктирилган.
Техникум директори Зулфия Давлатова билан ўтказилган мулоқотлар чоғида таълим муассасасида замонавий компьютер техникасига эҳтиёж мавжудлиги маълум қилинди. Унинг таъкидлашича, информатика фанлари ўқитилса-да, техник жиҳозларнинг етарли эмаслиги сабабли амалий машғулотларни тўлиқ ташкил этиш имкониятлари чекланган.
Шунингдек, тақдим этилаётган ноутбуклар асосида техникум ҳузурида ахборот технологиялари соҳаси, хусусан, дастурлаш, компьютер графикаси ва дизайн йўналишлари бўйича “Инновацион ўқув-амалий марказ”ни ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган ҳолда, техникумга 10 дона ноутбук кўринишида беғараз грант ёрдами кўрсатишга қарор қилди.
Мазкур беғараз ёрдам Хоразм вилояти Гурлан туманидаги 3-сонли техникумнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, таълим жараёнини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш ўқувчиларнинг амалий кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси