Ўзбекистон вакили ЮНЕСКОнинг таълим бўйича янги раҳбари билан учрашди

Июнь 18, 2026. 11:30 • 2 дақ

68
Ўзбекистон вакили ЮНЕСКОнинг таълим бўйича янги раҳбари билан учрашди

ПАРИЖ, 18 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили Комил Мухторов ЮНЕСКО бош директорининг таълим масалалари бўйича янги тайинланган ўринбосари, профессор Цюнь Чен билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Суҳбат аввалида Ўзбекистон вакили профессор Цюнь Ченни янги тайинлов билан табриклаб, ЮНЕСКО таълим секторининг вазифаларини амалга оширишда муваффақиятлар тилади.

Таълим ташкилот фаолиятининг асосий йўналишларидан бири экани ҳамда Барқарор ривожланишнинг 4-мақсадига эришиш, инсон капиталини юксалтириш ва ёшларни замонавий чақириқларга тайёрлашда алоҳида аҳамият касб этиши таъкидланди.

Учрашув давомида Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси Самарқандда муваффақиятли ўтказилганидан кейинги ўзаро ҳамкорликнинг янги суръатига алоҳида эътибор қаратилди. 2026 йил 8 апрелда имзоланган Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битим ҳамда 2026–2027 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси” аниқ қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун замин яратиши қайд этилди.

Шунингдек ўқинг

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида мамлакатда мактабгача, мактаб, касб-ҳунар ва олий таълим соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани маълум қилинди. Сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, инсон капиталини ривожлантириш ва миллий таълим тизимининг халқаро миқёсда очиқлигини оширишга алоҳида аҳамият қаратилаётгани таъкидланди.

ЮНЕСКО вакиллари республикада амалга оширилаётган ислоҳотларни ва Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг конструктив руҳини юқори баҳолади. Бош директор ўринбосари стратегик шерикликни янада ривожлантириш, истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва амалий натижаларга эришиш йўлида биргаликда ишлашга тайёрлигини билдирди.

Томонлар яқин истиқболда Ўзбекистон ва ЮНЕСКОнинг марказий қўшма лойиҳаларидан бирига айланиши мумкин бўлган касб-ҳунар таълими ва малакалар бўйича глобал саммитга тайёргарлик масалаларини кўриб чиқди.

Мулоқот жараёнида ЮНЕСКО кўмагида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга болалар учун инклюзив таълимни ривожлантириш платформасини яратиш ташаббуси ҳамда ёшларни рақамли трансформация шароитларига тайёрлаш ва рақамли компетенцияларни ривожлантиришга қаратилган “Сунъий интеллект – мактаб” лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш