Logo

Ўзбекистон элчиси Коломбо шаҳрида Шри-Ланка ТИВ раҳбари билан учрашди

Июль 25, 2025. 15:17 • 2 дақ

77
Ўзбекистон элчиси Коломбо шаҳрида Шри-Ланка ТИВ раҳбари билан учрашди

КОЛОМБО, 25 июль. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси (қароргоҳи Исломобод шаҳрида жойлашган) Алишер Тўхтаев Коломбо шаҳрида Шри-Ланка ташқи ишлар, хорижда бандлик ва туризм вазири Вижита Ҳерат билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Томонлар икки ва кўп томонлама даражада конструктив ва стратегик шерикликни йўлга қўйиш, минтақавий барқарорлик, мувозанатли ташқи сиёсат ва барқарор ривожланиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Вазир Вижита Ҳерат Шри-Ланканинг Ўзбекистон билан сиёсий мулоқотни фаоллаштириш ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлигини тасдиқлаб, икки давлатнинг аксарият халқаро ва минтақавий масалаларда мавқелари ўхшаш эканлигини таъкидлади.

Ташқи сиёсат идораси раҳбари Шри-Ланка Ўзбекистонни истиқболли шерик сифатида кўришини эътироф этиб, миллий иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, ташқи алоқаларни диверсификация қилиш ва савдо муносабатларини чуқурлаштириш йўналишида ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.

Шри-Ланка томони ўзаро муносабатларни институционал даражага кўтариш мақсадида икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларни йўлга қўйишни, унинг биринчи даврасини томонлар учун қулай муддатда Тошкент ёки Коломбода ўтказишни таклиф қилди.

Суҳбат чоғида, шунингдек, шартномавий-ҳуқуқий базани ривожлантириш, муҳим йўналишларда янги битимларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, қўшма ҳукуматлараро комиссия тузиш, савдо, инвестициялар, транспорт, энергетика, таълим ва инсон капиталини ривожлантириш соҳаларида саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Туризм соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш, сайёҳлик компаниялари ва тармоқ бирлашмалари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни фаоллаштиришнинг муҳимлиги қайд этилди.

Томонлар халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш, долзарб масалалардаги ташаббусларни ўзаро мувофиқлаштириш ва биргаликда илгари суриш борасида ҳамкорлик қилиш борасида ҳам келишиб олишди.

Суҳбат якунида вазир Вижита Ҳерат икки мамлакат вазирликлари ва масъул идоралари ўртасида мунтазам ишчи алоқаларни йўлга қўйишга, келишувларни тўлиқ амалга оширишга, Ўзбекистон элчисининг икки томонлама муносабатларни чуқурлаштиришга қаратилган фаолиятини қўллаб-қувватлашига тайёрлигини яна бир бор тасдиқлади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш