Logo

Исломободда Ўзбекистон ва Халқаро парламентарийлар конгресси ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди

Июль 07, 2025. 15:45 • 49 сония

93
Исломободда Ўзбекистон ва Халқаро парламентарийлар конгресси ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди

ИСЛОМОБОД, 7 июль. / "Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчиси Алишер Тўхтаев Халқаро парламентарийлар конгресси (қароргоҳи Исломобод шаҳрида жойлашган) бош котиби Ситара Аяз билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Суҳбат аввалида Ситара Аяз 2023 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтган муддатидан олдин президентлик сайловида халқаро кузатувчи сифатида қатнашганини илиқ хотирлаб, сайловнинг юқори даражада ва халқаро овоз бериш стандартларига мос равишда ташкил этилганини таъкидлади.

Покистон Сенати раиси Юсуф Раза Ғилонийнинг Тошкентга ташрифи ҳамда Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеяси доирасидаги музокаралар икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилгани қайд этилди.

Томонлар Парламент делегациялари алмашинуви, қонун чиқарувчи органлар ва бевосита қонун ижодкорлигида хотин-қизлар иштирокини кенгайтириш ҳамда маданий ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича аниқ таклифларни муҳокама қилдилар.

"Ўзбекистон Олий Мажлиси билан институционал ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга қаратилган барча таклиф ва лойиҳаларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз", – деди Халқаро парламентарийлар конгресси бош котиби.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш