Ўзбекистон элчиси Деҳли губернатори билан учрашди

Июль 03, 2026. 09:00 • 2 дақ

91
Ўзбекистон элчиси Деҳли губернатори билан учрашди

ДЕҲЛИ, 3 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Деҳли шаҳри губернатори Таранжит Сингҳ Сандҳу билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашув чоғида Ўзбекистон ва Ҳиндистон халқларининг узоқ асрларга бориб тақаладиган дўстлик алоқалари сўнгги йилларда мазмунан бойиб, изчил ривож топаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Давлатлар ўртасидаги серқирра муносабатларда минтақалараро алоқаларнинг салмоғи ошиб бормоқда. Шундан келиб чиқиб, икки мамлакат пойтахтларининг ишбилармон, илмий-академик ва бошқа доиралари вакиллари ҳамкорлигини янада фаоллаштириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Минтақалараро ҳамкорлик йуналишида томонлар икки давлат пойтахтлари ўртасида «Қардош шаҳар» муносабатларини йўлга қўйиш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Шаҳар хўжалигини юритиш, ободонлаштириш ва кўкаламлаштириш, аҳоли учун қулай ва замонавий инфратузилма яратиш ва бошқа долзарб масалаларда тажриба алмашиш икки томон учун ҳам қизиқарли ва манфаатли бўлиши таъкидланди. 

Таранжит Сингҳ Сандҳу Элчихона томонидан илгари сурилган Деҳли шаҳрида “Ўзбекистон” боғини яратиш, ўзбек халқининг буюк мутафаккирларидан бири Алишер Навоий ҳайкалини ўрнатиш каби таклифларни қўллаб-қувватлади ҳамда ушбу лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш бўйича биргаликда ишлашга тайёрлигини билдирди.

Тошкент ҳокимлиги ва Деҳли губернатори маъмурияти ўртасида делегациялар алмашиш, жойларда биргаликда амалга ошириладиган лойиҳаларни ўрганиш, илм-фан, маданият, туризм, спорт ва бошқа йўналишларда турли қўшма тадбирлар ташкил этиш ва бошқа ўзаро манфаатли масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш