Киевда “Саҳродаги Лувр” асосчиси фаолиятига бағишланган тадбир ўтказилди

Июнь 24, 2026. 13:00 • 2 дақ

91
Киевда “Саҳродаги Лувр” асосчиси фаолиятига бағишланган тадбир ўтказилди
Киевда “Саҳродаги Лувр” асосчиси фаолиятига бағишланган тадбир ўтказилди
Киевда “Саҳродаги Лувр” асосчиси фаолиятига бағишланган тадбир ўтказилди

КИEВ, 24 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси ҳамда Украина Миллий фанлар академиясининг Жаҳон тарихи институти давлат муассасаси ҳамкорлигида таниқли санъатшунос ва коллекционер Игорь Савицкий фаолиятига бағишланган тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир Ўзбекистоннинг ноёб маданий меросини оммалаштириш ҳамда жаҳонда “Саҳродаги Лувр” номи билан танилган И.Т.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейини яратиш ва ривожлантиришга беқиёс ҳисса қўшган, асли киевлик таниқли санъатшунос ва коллекционер Игорь Савицкий фаолиятига бағишланди.

Ушбу маданий-дипломатик тадбирдан кўзланган асосий мақсад хорижий аудиторияни мамлакатнинг бой тарихий-маданий мероси ва маданий туризмнинг янги йўналишлари билан таништириш орқали Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини илгари суришдан иборат бўлди.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон элчиси Алишер Қурманов иштирокчилар олдида сўзга чиқиб, анъанавий дўстона Ўзбекистон–Украина муносабатларини янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади. У урушдан жабр кўрган ҳудудлардаги украиналик болаларни соғломлаштириш ва реабилитация қилиш бўйича Ўзбекистоннинг гуманитар ташаббусларини қайд этиб, мазкур дастур жорий йилда ҳам давом эттирилишини алоҳида таъкидлади.

Тадбир доирасида Нукус шаҳридаги И.В.Савицкий номидаги музейга бағишланган “Тақиқланган санъат саҳроси” номли ҳужжатли фильм ҳамда Украинанинг биринчи хоними Елена Зеленская ташаббуси билан музейда амалга оширилган украин тилидаги аудиогид лойиҳаси ҳақидаги видеоматериаллар намойиш этилди.

Тадбир якунида иштирокчилар ва дипломатик корпус вакиллари учун анъанавий ўзбек таомлари тақдимоти ташкил этилиб, дастурхонга ўзбек палови ва бошқа миллий таомлар тортилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш