Logo

Ўзбекистон элчихонаси Малайзиядаги етакчи илмий муассасанинг махсус мукофоти билан тақдирланди

Июнь 17, 2025. 19:48 • 2 дақ

538
Ўзбекистон элчихонаси Малайзиядаги етакчи илмий муассасанинг махсус мукофоти билан тақдирланди

КУАЛА-ЛУМПУР, 17 июнь. /"Дунё" АА/. Малайзия халқаро ислом университети қошидаги Ислом тафаккури ва цивилизацияси институтида ёшларга таълим бериш, илмий ишларни амалга ошириш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшган бир гуруҳ ходимлар ва ҳамкорларни тақдирлаш – "Такрим 2025" маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Эътиборлиси, мамлакатимизнинг  Малайзиядаги элчихонаси халқаро шерикликни ривожлантириш ва институт томонидан амалга оширилаётган фаолиятни қўллаб-қувватлашга қўшаётган ҳиссаси учун мазкур муассасанинг "Махсус эътироф" мукофоти билан тақдирланди.


Маросимда сўзга чиққан институт директори, профессор Абдулазиз Бергут Ўзбекистон элчихонаси мамлакатимиздаги ҳамкорлар билан ўзаро алоқаларни ривожлантиришга яқиндан ёрдам бераётганини таъкидлади. "Элчихона томонидан кўрсатилаётган кўмак туфайли институт жамоаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотурудий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари билан яқин алоқаларни ўрнатишга муваффақ бўлди ва бу жараён фаол давом этмоқда. Шунингдек, ҳамкорлик натижаси ўлароқ, Ўзбекистон тупроғида туғилиб ўсган буюк аллома Абу Райҳон Беруний қаламига мансуб астрономияга оид 1197 йилда кўчирилган "Ат-Тафҳим" асарининг қадимги қўлёзмасининг факсимил нусхасини Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасига тақдим этдик", – деди у .


Бундан ташқари, Ўзбекистон Президентининг жорий йил февраль ойида Малайзияга олий даражадаги ташрифи давомида ҳар иккала мамлакат олий ўқув юртлари ўртасида 50дан ортиқ ўзаро ҳамкорлик ҳужжатларининг имзолангани, томонлар ўртасида таълим соҳасидаги алоқаларни ривожлантиришга юқори истак мавжудлигини кўрсатгани таъкиланди. Хорижий олим мазкур ҳужжатлар, албатта амалиётга тадбиқ этилиши ва ҳамкорликни янада юқори поғонага олиб чиқишига ишонч билдирмоқда.


Халқаро ислом тафаккури ва цивилизацияси институти 1987 йилда Малайзия халқаро ислом университети қошида аспирантура илмий-ўқув муассасаси сифатида ташкил этилган. Унда ислом цивилизациясига бағишланган қиёсий ва маданий тадқиқотлар олиб борилиб, малакали илмий ходимлар тайёрланади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш