Малайзия Бош вазири “MAHA-2026” халқаро кўргазмасида Ўзбекистон павильонига ташриф буюрди
Сентябрь 07, 2026. 17:30 • 2 дақ
• 75
СЕРДАНГ, 7 сентябрь. /“Дунё” АА/. Малайзиянинг Селангор штати Серданг шаҳарчасида бўлиб ўтган Малайзия қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик ва агротуризм “MAHA-2026” халқаро кўргазмасида мамлакат Бош вазири Анвар Иброҳим қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги вазири Муҳаммад Сабу ҳамроҳлигида Ўзбекистон миллий павильонига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Бош вазирга ушбу нуфузли кўргазмада Ўзбекистон илк маротаба иштирок этаётгани таъкидланиб, юртимизда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда миллий ҳунармандчилик намуналари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Анвар Иброҳим Ўзбекистон мевалари, хусусан, сархил ва қуритилган маҳсулотлар ҳамда миллий таомларнинг ўзига хос мазаси ва юқори сифатини мамнуният билан эътироф этиб, ўзбек маҳсулотларининг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини алоҳида таъкидлади.
Малайзия ҳукумати раҳбари мамлакатнинг “Mearque Group” компанияси билан биргаликда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ерларида масофадан бошқариладиган электрон қурилмалардан фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган қўшма лойиҳани тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.
Шунингдек, мамлакатларимиз ўртасида аграр соҳадаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, тажриба ва технологиялар алмашинувини жадаллаштириш мақсадида Малайзия Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги вазирлигининг Тошкент шаҳрида ўз ваколатхонасини очиш ташаббуси ҳам муҳокама қилиниб, Малайзия томонидан қўллаб-қувватланди.
Малайзия Бош вазири “MAHA-2026” кўргазмасининг ёпилиши маросимида иштирок этиб, тадбир якунлари бўйича ташриф буюрувчилар сони 4,3 миллион кишига етгани, унда 2 000 дан ортиқ иштирокчи қатнашгани ҳамда умумий қиймати 2,6 миллиард долларлик 97 та келишувлар имзоланганини маълум қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси