Ўзбекистон олий таълим муассасалари ва Саудия Арабистонининг Подшоҳ Холид университети ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилади
Сентябрь 07, 2025. 05:12 • 2 дақ
• 192
АБҲА, 7 сентябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Нодиржон Турғунов Саудия Арабистонининг Абҳа шаҳрида Подшоҳ Холид университети ректори, доктор Фалиҳ бин Ражаллаҳ ас-Салмий билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот аввалида ректори Фалиҳ бин Ражаллаҳ ас-Салмий Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида барча соҳаларда, жумладан, таълим йўналишидаги ҳамкорлик алоқалари ривожланиб, янги поғоналарга кўтарилаётганини айтиб ўтди.
Томонлар олий таълим соҳасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, шунингдек, Ўзбекистон университетлари билан академик, илмий-тадқиқот йўналишларида биргаликда ишлаш режалари муҳокама қиладилар.
Подшоҳ Холид университети ва Ўзбекистон олий таълим муассасалари ўртасида қўшма таълим дастурлари, ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, грант ажратиш имкониятлари хусусида фикр алмашилди.
Саудия томони Ўзбекистонда олий таълим муассасалари билан қайд этилган барча йўналишларда узоқ муддатли ҳамкорликни ўрнатишга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида мазкур йўналишдаги биргаликдаги ишларни жадаллаштириш ва Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан шерикликни йўлга қўйиш бўйича мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси