Logo

Покистон ОАВ: Термиз мулоқоти Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги узоқ тарихга эга сиёсий, иқтисодий ва маданий боғлиқликни қайта тиклашда муҳим аҳамият касб этади

Май 19, 2025. 10:01 • 2 дақ

105
Покистон ОАВ: Термиз мулоқоти Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги узоқ тарихга эга сиёсий, иқтисодий ва маданий боғлиқликни қайта тиклашда муҳим аҳамият касб этади

ИСЛОМОБОД, 19 май. /"Дунё" АА/. Покистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари жорий йилнинг бугун Термиз шаҳрида бошланаётган "Тинчлик, дўстлик ва фаровонликнинг умумий маконини барпо этиш" мавзусидаги Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги минтақавий боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг биринчи йиғилишини кенг ёритмоқда, деб хабар қиляпти "Дунё" АА мухбири.

Хусусан, мазкур давлатнинг "Pakistan in the World" журнали, "The Gulf Observer", "The Europe Today" ва "World News" янгиликлар порталларида "Марказий ва Жанубий Осиё: унутилган алоқаларни қайта тиклаш бўйича қадамлар" сарлавҳали мақолалар эълон қилинди.

Покистон нашрларида ушбу мулоқот Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги узоқ тарихга эга сиёсий, иқтисодий ва маданий боғлиқликни қайта тиклашда муҳим аҳамият касб этиши, минтақа мамлакатларининг келажакдаги ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши, анжуманда БМТ, ШҲТ, МДҲ, ИҲТ каби халқаро ва минтақавий ташкилотлар, етакчи экспертлар ва соҳавий мутахассислар иштирок этиши режалаштирилаётгани таъкидланган.

Материалларда икки минтақа ўртасидаги таълим, фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорликнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилган.

Нашрларда Жанубий Осиё давлатлари, хусусан, Покистон, Ҳиндистон ва Бангладешнинг ахборот технологиялари, ядро физикаси, аэронавтика ва сунъий интеллект соҳаларидаги ютуқлари, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларининг таълим соҳасини рақамлаштириш ва илмий инфратузилмани янгилашга қаратилган ислоҳотлари ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари учун пойдевор, дея баҳоланган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон сингари давлатларнинг халқаро таълим дастурлари, стартап лойиҳалари ва IT соҳаларидаги ривожланиш тенденциялари ўзаро ҳамкорлик учун муҳим аҳамият касб этади.

"Термиз мулоқоти бугунги геосиёсий беқарорлик шароитида фан ва таълим орқали минтақавий барқарорлик ва ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлашда муҳим майдонга айланиши мумкин. Айниқса, ёшлар ўртасидаги академик алмашинув, қўшма илмий тадқиқотлар ва рақамли ўзаро боғлиқлик стратегиясини ишлаб чиқиш каби ташаббуслар минтақанинг интеллектуал салоҳиятини кучайтиришга хизмат қилади", – деб ёзади Покистон ОАВ.

Шунингдек, мақолаларда Термизнинг Марказий ва Жанубий Осиё чорраҳасидаги геостратегик жойлашуви ва тарихий-маданий мероси уни бундай халқаро мулоқот учун энг мақбул майдонга айлантираётгани урғуланган.

Покистон ОАВ ўз хулосасида "Термиз мулоқоти – Евроосиё маконида янги турдаги минтақавий ҳамкорлик моделининг шаклланишида муҳим ташаббус", – деб ёзган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш