Ўзбекистон ва Россия олий таълим муассасалари архитектура соҳасида ҳамкорликни ривожлантирмоқда

Июль 03, 2026. 17:00 • 2 дақ

163
Ўзбекистон ва Россия олий таълим муассасалари архитектура соҳасида ҳамкорликни ривожлантирмоқда
Ўзбекистон ва Россия олий таълим муассасалари архитектура соҳасида ҳамкорликни ривожлантирмоқда
Ўзбекистон ва Россия олий таълим муассасалари архитектура соҳасида ҳамкорликни ривожлантирмоқда

НОВОСИБИРСК, 3 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош консулхонасида Новосибирск давлат архитектура-қурилиш университети (СИБСТРИН) ўқитувчилари ва талабалари иштирокида биринчи кенгайтирилган учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир давомида СИБСТРИН ҳамда Ўзбекистон олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар академик ва ижодий алмашинувларни кенгайтириш, шунингдек, қўшма таълим лойиҳаларини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Режага мувофиқ, навбатдаги амалий сафарлар Тошкент, Бухоро ва Хива шаҳарларини қамраб олади ҳамда “Архитектура”, “Архитектура меросини реконструкция қилиш ва реставрациялаш”, “Дизайн ва санъат” каби таълим йўналишлари бўйича ташкил этилади.

Музокаралар чоғида, 2026 йил сентябрь ойида Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетининг олти нафар профессор-ўқитувчи ва талабаларидан иборат делегациясини Новосибирск шаҳрига таклиф этиш ташаббуси илгари сурилди. Ташриф доирасида тажриба алмашиш, ижодий учрашувлар ўтказиш ҳамда ўзбекистонлик талабаларнинг бадиий ишлари ва архитектура эскизлари тақдимотини ташкил этиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, СИБСТРИН профессор-ўқитувчилари Бош консулхонанинг 2026 йил октябрь–ноябрь ойларида университет талабалари ва ўқитувчиларининг Тошкент, Бухоро ва Хива шаҳарларига иккинчи ижодий сафарини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Учрашув иштирокчилари Ўзбекистон бой тарихий-маданий мероси, бетакрор меъморий ёдгорликлари ва мамлакатда кечаётган жадал янгиланиш жараёнлари туфайли университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун катта қизиқиш уйғотаётганини таъкидлади.

Шунингдек, СИБСТРИНда талабаларнинг Самарқанд шаҳрида май ойида ўталган сайёр амалий машғулотлар якунлари бўйича яратган ижодий ишлари кўргазмаси ташкил этилгани қайд этилди. Экспозициядан Гўри Амир, Бибихоним, Мирзо Улуғбек расадхонаси каби тарихий обидалар, қадимий Самарқанднинг замонавий қиёфаси акс этган асарлар ўрин олган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш