Ўзбекистон ва Малайзия олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Октябрь 24, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 87
КУАЛА-ЛУМПУР, 24 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Малайзиянинг етакчи университетлари билан олий таълим, тадбиркорлик ва замонавий таълим дастурларини жорий этиш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси вакиллари Сабаҳ университети ҳамда Осиё университети (AeU) билан олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий таълим йўналишларини ривожлантириш ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш юзасидан музокаралар ўтказди.
Музокаралар давомида туризм ва меҳмондўстлик, тиббиёт, муҳандислик ҳамда киберхавфсизлик каби устувор йўналишларда Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан дуал таълим тизимини жорий этиш бўйича фикр алмашилди.
Иштирокчилар тадбиркорлик ва электрон тижорат соҳаларида академик шерикликнинг мослашувчан дастурларини амалга ошириш масалаларини ҳам муҳокама қилди. Мазкур йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди.
Шунингдек, тадбиркорлик таълимига ихтисослашган Ўзбекистон олий таълим муассасалари жорий йилнинг 2–4 декабрь кунлари Малайзияда бўлиб ўтадиган “AiSED-2026” халқаро конференциясида иштирок этиш имкониятига эга бўлади.
Конференция доирасида ўзбекистонлик олий таълим муассасалари вакиллари тадбиркорлик таълими соҳасида эришилган ютуқлар, инновацион лойиҳалар ҳамда тижоратлаштиришга йўналтирилган ишланмаларни халқаро ҳамжамиятга тақдим этади.
Мазкур ҳамкорлик ташаббуслари Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги таълим алоқаларини янада мустаҳкамлаш, илғор тажриба алмашинувини кенгайтириш ҳамда олий таълим, тадбиркорлик ва инновациялар соҳаларида янги имкониятлар яратишга қаратилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси