Ўзбекистон ва Покистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни жадаллаштиради
Май 26, 2025. 12:35 • 2 дақ
• 95
ИСЛОМОБОД, 26 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит масалаларини мувофиқлаштириш федерал вазири Мусадик Масуд Малик билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Музокаралар чоғида иқлим ўзгариши, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қайта тиклаш, яшил энергетика, сув ресурсларини оқилона бошқариш, барқарор ривожланиш соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Покистон томонига Ўзбекистонда иқлим ўзгаришига қарши кураш, экологик барқарорликни таъминлаш ва яшил энергетикани ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ва лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Федерал вазир шу йилнинг апрель ойида бўлиб ўтган биринчи Самарқанд иқлим форумидаги иштирокини илиқ хотирлаб, Ўзбекистон томонидан иқлим ўзгаришига қарши курашиш, "яшил" энергетика ва экологик барқарорлик соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни юксак баҳолади. У мазкур форум мамлакатимизни иқлим муаммоларига нисбатан қатъий сиёсий ирода ва амалий ёндашув намоён этганини таъкидлади.
"Сафар давомида Ўзбекистонда шаҳарлар ва ҳудудларни ободонлаштириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда қайта тикланадиган энергия манбаларини кенг жорий этиш соҳасида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдим, – деди у. – Мамлакатимизнинг бу борадаги тажрибаси нафақат Марказий Осиё, балки қўшни минтақалар учун ҳам илғор намунадир".
Покистон вазири, шунингдек, Ўзбекистон билан иқлим ўзгариши ва қайта тикланадиган энергетика соҳаларидаги олий таълим муассасалари ўртасидаги "биродар университетлар" алоқаларини ўрнатиш, Ўзбекистоннинг "Яшил макон" ва "Яшил Покистонни кенгайтириш" дастурлари доирасида ҳамкорликни кучайтириш, жамоатчиликни хабардор қилишга қаратилган қўшма тадбирлар ўтказиш ҳамда экологик шерикликни мустаҳкамлаш мақсадида икки томонлама ҳуқуқий базани яратишни таклиф қилди.
Учрашув якунида томонлар муҳокама қилинган барча йўналишлар бўйича амалий ишчи алоқаларни давом эттириш ва икки мамлакат манфаатларига хизмат қилувчи лойиҳалар устида фаол ишлашга келишиб олдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Покистоннинг марказий телеканаллари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ўзбекистоннинг янги элчиси Рим Папасига ишонч ёрлиқларини топширди
Британиянинг нуфузли нашриёт уйи билан ҳамкорлик ўрнатилади
Экспертлар ўзбек–хитой муносабатлари истиқболи хусусида фикр алмашди
Вьетнам Ўзбекистон билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришга тайёрлигини тасдиқлади