Тошкент веган таомлари ишқибозларини кутмоқда
Июль 28, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 79
ТОШКЕНТ, 28 июль. /“Дунё” АА/. 30 июль куни Тошкентда халқаро веган таомлари фестивали бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Фестиваль Ўзбекистон Туризм қўмитаси ва Ҳиндистон элчихонаси ҳамкорлигида ўтказилади.
Тадбирда дипломатик корпус, сайёҳлик компаниялари, ресторан бизнеси, соғломлаштириш саноати ва ихтисослашган ташкилотлар вакиллари иштирок этади.
Асосий маърузачилардан бири “Lifestyle & Wellness" йўналиши директори, соғлом турмуш тарзи ва овқатланиш бўйича мутахассис, Аюрведа соҳасида PhD даражасига эга доктор Никхила бўлади. Фестиваль дастуридан экспертлар муҳокамаси, профессионал нетворкинг ҳамда ҳинд ва ўзбек ошпазлари томонидан тайёрланган муаллифлик веган менюси тақдимоти ўрин олган.
Эслатиб ўтамиз, веганчилик – бу гўшт, балиқ, тухум, сут ва асални бутунлай истисно қилувчи қатъий ўсимликка асосланган парҳездир. Таомнома фақат ўсимлик маҳсулотларидан тузилади.
Мутахассисларнинг фикрича, гастрономик ва соғломлаштириш туризмини ривожлантириш Ўзбекистоннинг сайёҳлик таклифини диверсификация қилишнинг истиқболли йўналишларидан биридир.
Борган сари кўпроқ саёҳатчилар йўналиш танлашда нафақат маданий меросга, балки гастрономия сифатига, соғлом турмуш тарзи учун мавжуд имкониятларга ва дам олишнинг замонавий турларига ҳам эътибор қаратмоқда.
Бундай шароитда веган ва вегетариан таомларининг ривожланиши янги сайёҳлик маҳсулотларини яратишга ҳамда мамлакатнинг турли тоифадаги сайёҳлар учун жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси