Берлинда Германия-Ўзбекистон иккинчи тиббиёт форуми натижалари сарҳисоб қилинди
Июль 15, 2024. 09:53 • 4 дақ
• 256
БЕРЛИН, 15 июль. /"Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонасида шу йил апрель ойида Берлин шаҳрида бўлиб ўтган Германия-Ўзбекистон иккинчи тиббиёт форуми натижалари ва ҳамкорлик истиқболлари муҳокамасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

"Кох-Авиценна" Германия-Ўзбекистон тиббиёт жамияти билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Германия Соғлиқни сақлаш ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирликлари вакиллари, мамлакатнинг етакчи тиббиёт муассасалари, нуфузли олий ўқув юртлари клиникалари, тиббиёт соҳасидаги компаниялар раҳбарлари, Германия Халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси лойиҳа раҳбари, KfW Германия тараққиёт банкининг Тошкентдаги Марказий Осиё ҳудудий офиси директори иштирок этди. Шунингдек, тадбирда яқинда Самарқанд шаҳрида ўз фаолиятини бошлаган Ўзбекистон-Германия "Абу Али ибн Сино ва Ҳайнрих Шиппергес номидаги Самарқанд халқаро саломатлик фанлари олий мактаби" раҳбари ҳам қатнашди.
Очиқ мулоқот шаклида ўтган давра суҳбатида форум натижалари юзасидан фикр алмашилди. Халқаро ҳамкорлар учун яратилаётган шароитлар ҳамда онкология, радиология, соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ҳамда академик алмашинувлар бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Элчи Дилшод Ахатов тадбир иштирокчиларини қутлаб, "Ўзбекистон-2030" стратегиясида аҳоли талабларига ва жаҳон стандартларига жавоб берадиган таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимини яратиш учун аниқ чора-тадбирлар белгилаганлиги, ушбу мақсадларга эришишда ҳамкорликнинг аҳамияти, хусусан, Ўзбекистон ва Германия ўртасида тиббиёт соҳасида ҳам кўп қиррали ҳамкорлик янада кенгайиб бораётганини таъкидлади.
Германия Халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) соғлиқни сақлаш портфолиоси бўйича лойиҳа раҳбари, KfW Германия тараққиёт банкининг Тошкентдаги Марказий Осиё ҳудудий офиси директори иштирокчиларга Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида халқаро ҳамкорлик имкониятлари, ушбу истиқболли йўналишларда амалга оширилаётган халқаро лойиҳалар ҳақида маълумот беришди. Шунингдек, мамлакатимиз билан икки томонлама муваффақиятли ишлаётган немис компаниялари ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Корнелия Бекер, Германия Халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси соғлиқни сақлаш бўйича лойиҳа раҳбари:
— Ҳозирги кунда Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш федерал вазирлиги топшириғи билан Ўзбекистонда бешта лойиҳани амалга оширяпмиз. Соғлиқни сақлаш соҳаси портфолиоси 26 миллион евро қийматидаги лойиҳаларни ўз ичига олади. Тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш, пандемия профилактикаси, лаборатория ишларини қўллаб-қувватлаш, тиббиёт техникаларини бошқариш ва созлаш ҳамда амалиётга йўналтирилган ҳолда ҳамширалар ва доялар тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш шулар жумласидандир. Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасида бўлиб ўтган бугунги тадбирда иккинчи тиббиёт форуми натижаларини сарҳисоб қилдик, тўпланган тажрибалар ва келгуси йилда Ўзбекистонда ўтказилиши кутилаётган навбатдаги форумнинг режалари юзасидан фикр алмашдик. Мазкур форум туфайли лойиҳамиз бўйича биз билан ҳамкорлик қилишга, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш вазирлигини қўллаб-қувватлашга ва мамлакатда тиббий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга кўмаклашишда биз билан ишлашга тайёр янги ҳамкорлар топдик.
Людвиг Максимилиан номидаги Мюнхен университети тиббиёт йўналиши талабаси Альберт Шлирф:
— "Кох-Авиценна" Германия-Ўзбекистон тиббиёт жамияти нафақат малакали шифокорлар, балки талабалар ўртасида ҳам ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирган. Бундан асосий мақсад икки давлат ёшлари бир-бирларини яқиндан танишлари ва келажакда биргаликда ҳамкорлик қилишларидан иборат. Ўтган йили куз фаслида Ўзбекистонда бўлдим. Ташрифимдан мақсад Тошкентдаги тиббиёт олийгоҳлари талабалари билан алоқа ўрнатиш эди. Республика соғлиқни сақлаш вазирлиги бунда бизга яқиндан ёрдам кўрсатди. Университетлар раҳбарияти, талабалар билан учрашдик ва ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилдик.
Икки мамлакат тиббиёт олий таълим муассасалари талабалари ўртасида академик алмашинувларни йўлга қўйиш ҳақида келишиб олдик. Ҳозирги кунга қадар ўзбек томони билан мунтазам алоқадамиз, онлайн шаклда анжуманлар ўтказяпмиз. Ўзбекистонлик бир гуруҳ талабаларнинг Германия университетлари клиникаларига ташрифи бўйича пилот лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Талабалар ўртасида ўзаро ташрифлар орқали ўрнатилган дўстлик алоқалари келажакда ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратади деб ўйлайман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси