Будапештда “Тошкент парки”ни барпо этиш режаси муҳокама қилинди
Апрель 29, 2026. 18:55 • 2 дақ
• 357
БУДАПЕШТ, 30 апрель. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Венгриядаги элчихонаси дипломатлари Будапешт шаҳрининг 2-тумани мэри Гергей Эрши билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот жараёнида иштирокчилар Яккасарой тумани билан ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Хусусан, суҳбат давомида Венгрия томони 2026 йил сентябрь ойида Яккасарой тумани ҳокими бошчилигидаги делегацияни қабул қилишга тайёр эканини билдирди. Шу муносабат билан ташриф саналарини белгилаш ва расмий таклифнома юбориш учун Яккасарой тумани ҳокимлиги таклифлари сўралди.
Ташриф давомида ҳокимлар даражасида учрашув ўтказиш ва биродар шаҳарлар тўғрисида меморандум имзолаш таклиф этилди. Элчихона томонидан тайёрланган меморандум лойиҳаси венгр томонига тақдим қилинди.
Шунингдек, Гергей Эрши 2026 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Биродар шаҳарлар халқаро форумида иштирок этишга катта қизиқиш билдираётганини қайд этди.
Будапешт шаҳридаги Варошмайор парки ҳудудида “Тошкент парки”ни ташкил этиш учун алоҳида ер майдони ажратишга тайёрлик кўриш бўйича фикр алмашилди. Ушбу ҳудудда “Тошкент парки”ни барпо этиш ва ўзбекистонлик тарихий шахслар ҳайкалларини ўрнатиш имконияти ҳам кўриб чиқилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси