Берлинда "Аёлларнинг жамият ва бизнесдаги роли: Ўзбекистон-Германия тадбиркор аёллари" мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди
Июнь 08, 2025. 10:56 • 4 дақ
• 140
БЕРЛИН, 8 июнь /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонасида "Аёлларнинг жамият ва бизнесдаги роли: Ўзбекистон-Германия тадбиркор аёллар диалоги" мавзусида халқаро анжуман ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

"Sparkassenstiftung for International Cooperation e.V." жамғарма кассаларининг халқаро ҳамкорлик бўйича фонди билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Германиянинг расмий ва ишбилармон доира вакиллари, аёллар бошқарувидаги немис компаниялари раҳбарлари, халқаро экспертлар, жамғармалар ва олий ўқув юртлари вакиллари, Ўзбекистондан келган делегация, ватандош тадбиркор аёллар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Анжуманнинг расмий очилишида Ўзбекистон элчиси Дилшод Ахатов сўзга чиқиб, анжуман иштирокчиларига мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва эришилаётган ютуқлар, улар учун яратилаётган имкониятлар батафсил маълумот берди. Дипломат икки давлат аёл тадбиркорлари ўртасида амалий қўшма лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ қилиш орқали узвий ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлишини қайд этди.
Ўзбекистон Тадбиркор аёллари кенгаши раиси Нозима Давлетова иштирокчиларни қутлаб, мамлакатимизда "Ўзбекистон – 2030" стратегияси доирасида хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий фаоллигини ошириш, гендер тенгликни қарор топтириш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади. У юртимизда тадбиркор аёллар учун яратилаётган шароитлар ва имтиёзлар ҳақида батафсил тўхталди.
Берлин Федерал ўлкаси Ички ишлар ва спорт вазири Ирис Шпрангер ўз навбатида, йиғилганларни Берлин Федерал ўлкаси бошқарувчи бош вазири Кай Вегнер номидан ўзбек-немис тадбиркор аёллари ўртасида илк бор ўтказилган анжуман иштирокчиларини қутлади. У мамлакатларимиз ўртасида жадал ривожланиб бораётган сиёсий-иқтисодий муносабатларни алоҳида қайд этиб, Германия томони Ўзбекистон билан барқарор ҳамкорлик ва аёл тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурларни янада кенгайтиришга тайёр эканлигини таъкидлади.
Тадбирнинг панель қисмида Ўзбекистон ва Германиянинг фаол ва тадбиркор аёллари томонидан хотин-қизларнинг жамият ва иқтисодиётдаги ўрни, тадбиркорлик фаолияти тўғрисида қилинган маърузалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Анжуман доирасида германиялик ватандошимиз Зуҳра Раҳматова томонидан асос солинган "Sanat Forum für Kunst, Kultur und Wissenschaft e.V." жамиятининг расмий очилиши бўлиб ўтди.
Михаэла Мум-фон Олденбург, "Red Club" аёлларни қўллаб қувватлаш жамияти раҳбари, ҳуқуқшунос:
– Бугунги тадбирда мен маъруза билан иштирок этдим. Анжуман туфайли Ўзбекистонда аёлларни, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга давлат раҳбари томонидан алоҳида эътибор берилаётгани ва бу борада жуда катта ишлар амалга оширилаётгани, шунингдек, мамлакатингиз элчихонаси ҳам бу йўналишда фаол ишлаётганининг гувоҳи бўлдим.
Маърузалар орқали катта ютуқларга эришаётган кўплаб ўзбек аёл тадбиркорлари фаолияти ҳақида хабардор бўлдик ва бу мени ҳайратда қолдирди. Масалан, турмуш ўртоғини йўқотиб, тўрт фарзанди билан қолган, аммо барча қийинчиликларни енгиб ўтиб, ўз компаниясини тузган ва ҳозирги кунда 80 та иш ўрни яратган, атрофидаги аёлларга ҳам кўмаклашиб келаётган ўзбек тадбиркор аёлининг ютуқлари мени лол қолдирди. Ёки хорижда таълим олиб, фарзандли бўлишига қарамасдан ўқишини муваффақиятли якунлаган, докторлик илмий даражасига ҳам эришган ва Ўзбекистонга қайтиб келиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган ўзбек аёллари билан танишдим. Бу ютуқлар эътирофга лойиқдир. Мазкур натижалар Ўзбекистоннинг тўғри йўлдан бораётганидан далолат беради.
Матиас Фос, "Sparkassenstiftung for International Cooperation e.V." ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё департаменти директори:
– Ўзбекистон ва Германия тадбиркор аёллари ўртасида ўтказилган анжуман ҳақиқатда мулоқот платформаси яратиш ва тадбиркор аёлларни бирлаштириш йўлидаги биринчи қадам бўлди. Бу тадбирнинг асосий мақсади нафақат бизнес алоқаларини ўрнатиш, балки мулоқот орқали инновацион ғояларни алмашиш, ноу-хау ва янги билимларни ўрганиш, муносабатларни мустаҳкамлаб, умумий келажакни қуриш демакдир.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш борасида нафақат халқаро донорлар, балки мамлакат ҳукумати томонидан ҳам катта ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда ушбу ташаббусларнинг барчасини, хоҳ миллий, хоҳ халқаро бўлсин, уларни мувофиқлаштириш жуда муҳим. Шундагина Ўзбекистоннинг илғор, ижобий ривожланишида аёлларнинг янада ўсиши ва ижтимоий фаоллиги узоқ муддатли таъминланади.
Биз Тошкентдаги ваколатхонамиз орқали келажакда ҳам ушбу жараённи қўллаб-қувватлашда давом этамиз.
Сабине Ҳюбнер, "WeiberWirtschaft" аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш жамияти асосчиси, халқаро эксперт:
– Бугунги тадбирга таклиф этилганимдан жуда хурсандман. Ушбу тадбир мен учун Ўзбекистоннинг иқтисодий истиқболлари билан яқиндан танишиш имкониятини берди. Мамлакатда кечаётган улкан иқтисодий юксалиш мени ҳайратда қолдирди ва қувонтирди. Шунингдек, бу юксалишда хотин-қизларнинг муҳим ўрин тутаётгани, уларга, айниқса, тадбиркорлик соҳасига сиёсий эътибор қаратилаётгани жуда муҳим деб ўйлайман.
Фикримча, биз ўзбек-немис аёллари олдида турган кўплаб масалалар ўхшаш. Аёллар ўз бизнеслари учун ҳар доим молиявий рағбат зарур, аммо улар ушбу йўналишда тажриба орттиришлари, малакага эга бўлишлари ва биргаликда кўпроқ ютуқларга эришишлари учун платформа бўлиши керак.
Ҳанифа Сойлу, Германия социал-демократик партиясининг Гамбург федерал ўлкаси бўйича ҳудудий раиси:
– Ўзбекистон элчихонасида ташкил этилган аёл тадбиркорлар анжуманида мамлакатингизнинг ўзида қанчалик инновация борлигини, жойларда кўплаб тадбиркор аёллар фаол эканлигига амин бўлдим. Ўзбекистонлик аёллар ўз лойиҳаларини тақдим этдилар. Уларнинг ҳам рўзғор, ҳам тадбиркорлик ишларида эришаётган муваффақиятлари таҳсинга сазовор. Ўзбекистонда тадбиркор аёлларга яратилаётган имкониятлар мақтовга лойиқ. Маърузалардан шуни англадимки, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда аёлларнинг юқори лавозимларга кўтарилишини хоҳлайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Покистоннинг марказий телеканаллари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ўзбекистоннинг янги элчиси Рим Папасига ишонч ёрлиқларини топширди
Британиянинг нуфузли нашриёт уйи билан ҳамкорлик ўрнатилади
Экспертлар ўзбек–хитой муносабатлари истиқболи хусусида фикр алмашди
Вьетнам Ўзбекистон билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришга тайёрлигини тасдиқлади