Logo

Бельгиянинг Монс шаҳрида "Қуролли Кучлар — Янги Ўзбекистон барқарорлигини таъминлашнинг ишончли кафолатидир" мавзусида тақдимот ўтказилди

Март 28, 2024. 14:41 • 2 дақ

176
Бельгиянинг Монс шаҳрида "Қуролли Кучлар — Янги Ўзбекистон барқарорлигини таъминлашнинг ишончли кафолатидир" мавзусида тақдимот ўтказилди

БРЮССЕЛЬ, 28 март. /"Дунё" АА/. Бельгиянинг Монс шаҳридаги НАТОнинг операциялар бўйича Бирлашган Қуролли кучлар қўмондонлиги бош қароргоҳида Ташкилотга шерик мамлакатларнинг миллий ҳарбий вакиллари мувофиқлаштирувчи қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда 40 дан ортиқ иштирокчилар, жумладан 30 дан ортиқ НАТОга шерик мамлакатларнинг миллий ҳарбий вакиллари ва ташкилот ходимлари иштирок этди.

Йиғилиш давомида Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонаси ходимлари томонидан "Қуролли Кучлар — Янги Ўзбекистон барқарорлигини таъминлашнинг ишончли кафолатидир" мавзусида тақдимот ўтказилди. Унда мамлакатимиз Қуролли Кучлар тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Мамлакатимизнинг келгуси ривожланиш йўли, ички ва ташқи сиёсатини белгилаб берувчи концептуал ҳужжат — "Ўзбекистон-2030" стратегиясида Ўзбекистон Қуролли Кучлари олдида турган устувор вазифалар алоҳида қайд этилди.

Таъкидланганидек, мазкур ҳужжатда белгиланган вазифаларни амалга оширишда жаҳонда содир бўлаётган мураккаб глобал жараёнлар инобатга олинган. Шунингдек, бошқарув тизимини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар ва қўшинларнинг жанговар тайёргарлиги самарадорлигини ошириш, ҳарбий хизматчиларнинг касб маҳоратини такомиллаштириш, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, ҳарбий округлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик даражасини сезиларли даражада оширишга ёрдам берадиган ҳарбий маъмурий секторлар фаолияти ҳақида ҳам айтиб ўтилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш