Logo

Исломободда Ўзбекистон ва Покистон парламентлараро ҳамкорлигини фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди

Июнь 18, 2025. 07:24 • 2 дақ

116
Исломободда Ўзбекистон ва Покистон парламентлараро ҳамкорлигини фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди

ИСЛОМОБОД, 18 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Миллий Ассамблеяси спикери Сардар Аяз Садиқ билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Суҳбат чоғида парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Покистон парламенти спикери мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнини юқори баҳолаб, Ўзбекистон бугунги кунда халқаро майдонда фаол, мувозанатли ва конструктив сиёсат олиб бораётгани, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, барқарор ривожланишни таъминлаш ва иқтисодий алоқаларни кенгайтириш борасида илгари сураётган ташаббусларнинг муҳим аҳамиятни эътироф этди.

Спикер Сардар Аяз Садиқ, шунингдек, қонун чиқарувчи органлар ўртасидаги фаол мулоқот олий даражада эришилган келишувларнинг самарали ижросини таъминлаш, сиёсий ва иқтисодий келишувларни амалга оширишда муҳим пойдевор эканини таъкидлаб, икки давлат парламентларидаги дўстлик гуруҳларининг мунтазам онлайн учрашувлари ва ўзаро ташрифларини ташкил этиш зарурлигини қайд этди.

Дўстлик гуруҳларининг қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш, қонунчилик базасини уйғунлаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш, инфратузилма ва инвестиция лойиҳаларини ривожлантириш борасидаги улкан салоҳиятини ишга солиш пайти келгани эътироф этилди.

Ёшлар сиёсати, таълим, илм-фан, маданият соҳаларидаги ҳамкорликка доир қўшма лойиҳаларни қонунчилик жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг муҳимлиги таъкидланди.

Суҳбат чоғида Покистон Миллий Ассамблеяси спикери Ўзбекистон билан парламентлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва келгусидаги режаларни келишиб олиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоиловни расмий ташриф билан Исломободга таклиф этди.

Мулоқот якунида Сардар Аяз Садиқ Покистон парламентининг Ўзбекистон билан барча йўналишлардаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканини тасдиқлаб, ушбу мақсадда парламентлараро форум ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш