Logo

Ўзбекистон-Покистон фан ва инновация форуми ташкил этилиши  режалаштирилмоқда

Июнь 17, 2025. 15:21 • 2 дақ

49
Ўзбекистон-Покистон фан ва инновация форуми ташкил этилиши  режалаштирилмоқда

ИСЛОМОБОД, 17 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон фан ва технологиялар вазири Халид Ҳусайн Магси билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида фан, таълим ва инновация соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.


Икки мамлакат иқтисодий-ижтимоий ҳаётида муҳим бўлган соҳаларда инновацион ечимларни ишлаб чиқиш мақсадида олимлар, муҳандислар, мутахассислар ва инвесторларни қамраб олувчи қўшма фан ва технологиялар платформасини яратиш таклифи илгари сурилди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Покистоннинг олий таълим муассасалари ўртасида академик алоқаларни мустаҳкамлаш, етакчи университетлар ўртасида таълим ва тадқиқот лойиҳаларини йўлга қўйиш, ўзаро алмашинув дастурларини ташкил этиш борасида фикр алмашилди.


Илғор илмий йўналишлар – тиббиёт, вакцина ишлаб чиқариш, ахборот технологиялари ва дастурлаш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, сув ресурсларини оқилона бошқариш, иқлим ўзгариши ҳамда чўл ҳудудларидан самарали фойдаланиш бўйича қўшма тадқиқотлар ва амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.


Ўзбекистондаги IT-парклар ва Покистоннинг Махсус технология зоналари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, биргаликда турли йўналишларда долзарб интеллектуал дастурлар ишлаб чиқиш кераклиги қайд этилди.


Бундан ташқари, ёшлар ва аёлларнинг фан ва технология соҳаларидаги иштирокини қўллаб-қувватлаш, уларнинг лойиҳа ва стартапларини рағбатлантириш, стипендиялар, менторлик дастурлари ҳамда аёл олималар учун махсус платформалар яратиш борасидаги таклифларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.


Янги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш, амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мунтазам мулоқотни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон-Покистон Фан ва инновация форумини ташкил этиш ташаббуси кўриб чиқилди.


Музокаралар якунида ушбу таклифларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида бир қатор ташкилий механизмларни ишлаб чиқиш бўйича келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш