Ўзбекистон ва Покистон ўртасида эришилган келишувлар ижроси кўриб чиқилди

Август 06, 2026. 11:00 • 2 дақ

206
Ўзбекистон ва Покистон ўртасида эришилган келишувлар ижроси кўриб чиқилди

ИСЛОМОБОД, 6 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Бош вазирининг ташқи ишлар бўйича махсус ёрдамчиси Тариқ Фатеми билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги икки томонлама ҳамда кўп томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, олий ва юқори даражада эришилган келишувларнинг амалга оширилиш жараёни, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва транспорт-логистика соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Тариқ Фатеми Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўртасида ўзаро ишонч ва самимий мулоқотга асосланган яқин муносабатлар қарор топганини алоҳида таъкидлади.

“Покистон ҳукумати Ўзбекистон Президентининг нафақат мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини янги босқичга олиб чиққан, балки бутун Марказий Осиё минтақасидаги ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш жараёнларига кучли туртки берган ташаббускор ва узоқни кўра билиш қобилиятига эга давлат арбоби сифатидаги фаолиятини юксак баҳолайди, – деди у. – Шу нуқтаи назардан, давлатингиз раҳбарининг жорий йил 5-6 февраль кунлари Покистонга амалга оширган давлат ташрифи якунлари бўйича эришилган барча келишувларни тўлиқ ва самарали амалга ошириш мақсадида тегишли идоралар томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда”.

Шу муносабат билан томонлар давлат ташрифи доирасида имзоланган икки томонлама ҳужжатлар ва келишувларнинг ижроси ҳолатини атрофлича муҳокама қилиб, уларни амалга ошириш жараёнида юзага келаётган айрим масалалар юзасидан фикр алмашдилар ҳамда уларни тезкор ҳал этиш бўйича амалий чораларни белгилаб олдилар.

Шунингдек ўқинг

Ҳудудлараро ҳамкорликни янада фаоллаштириш, ишбилармон доиралар вакиллари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва икки томонлама савдо ҳажмини кўпайтириш масалалари ҳам учрашувнинг асосий мавзуларидан бўлди.

Покистон томони Ўзбекистон ҳудудлари раҳбарлари ва ишбилармон доиралари делегацияларининг Покистонга амалга ошираётган ташрифларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдириб, бундай мулоқотлар сонини кўпайтириш ва уларнинг амалий самарадорлигини ошириш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Шунингдек, Покистондан Ўзбекистонга тирик чорва молларини экспорт қилиш учун зарур рухсатномаларни расмийлаштириш ва икки давлат банклари ўртасида тўғридан-тўғри корреспондентлик муносабатларини йўлга қўйиш масалаларига эътибор қаратилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва олий даражада эришилган келишувларнинг тўлиқ ижросини таъминлашга йўналтирилган мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш