Токиода Ўзбекистон–Япония муносабатларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Август 05, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 114
ТОКИО, 5 август. /“Дунё” АА/. Юртимизнинг Япониядаги элчиси Мухсинхўжа Абдураҳмонов ушбу давлат парламенти Вакиллар палатаси депутати, Либерал-демократик партия Жамоатчилик билан алоқалар бюроси раиси ва парламентдаги Ўзбекистон билан дўстлик лигаси аъзоси Такако Сузуки билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш, олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Такако Сузуки Ўзбекистон Президентининг Японияга амалга оширган ташрифи ҳамда биринчи “Марказий Осиё + Япония” саммити икки мамлакат муносабатларини янги стратегик босқичга олиб чиққанини таъкидлади. У эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этишда парламент имкониятларидан фойдаланиш ва амалий кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Учрашувда Япония Бош вазири Синдзиро Такаичининг мамлакатимизга ташрифи ҳамда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг Токиога сафари ҳамда ташқи ишлар вазирлари даражасидаги стратегик мулоқотни ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хоккайдо префектураси, Хигашикава ва Кэмбучи шаҳарларининг Ўзбекистон ҳудудлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга бўлган қизиқиши ижобий баҳоланди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Япония ҳудудлари иштирокида биринчи Ўзбекистон–Япония ҳудудлар форумини ташкил этиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Томонлар мунтазам мулоқотни давом эттириш, парламентлараро ва ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш бўйича яқин ҳамкорликни сақлаб қолишга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси