Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати хорижлик ёш дипломатлар нигоҳида

Сентябрь 26, 2026. 10:30 • 2 дақ

• 194
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати хорижлик ёш дипломатлар нигоҳида

ЛОНДОН, 26 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Буюк Британиядаги элчихонасида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларига бағишланган ёш дипломатлар форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” мухбири.

Ушбу тадбир “Global Diplomatic Forum” (GDF) ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов, GDF раҳбари Юнус ал-Ғозий, халқаро муносабатлар йўналишида таҳсил олаётган хорижлик талабалар ва ёш мутахассислар иштирок этди.

Учрашувда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ролини фаоллаштириш, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги савдо ва инвестиция имкониятларини яратиш юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий салоҳияти, экспортни кенгайтириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва республиканинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувига алоҳида эътибор қаратилди.

Иштирокчиларга Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналишлари, минтақавий ва глобал ҳамкорликнинг замонавий тенденциялари ҳақида маълумот берилди.

Лондонда жойлашган “Global Diplomatic Forum” ташкилоти дипломатик этика, протокол ва халқаро муносабатлар бўйича турли тадбир ва махсус курслар ўтказиш билан шуғулланади. Бугунги кунга қадар GDF таълим дастурларини дунёнинг 75 давлатидан уч мингдан ортиқ тингловчи тамомлаган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш