Logo

Эронлик режиссёр Ўзбекистон киноижодкорлари билан ҳамкорликда фильм суратга олмоқчи

Март 01, 2024. 14:16 • 52 сония

1301
Эронлик режиссёр Ўзбекистон киноижодкорлари билан ҳамкорликда фильм суратга олмоқчи

ТЕҲРОН, 1 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Фариддин Насриев таниқли эронлик кинорежиссёр, ёзувчи ва «Tasvirsazan Setareh Soheil» студияси директори Сирус Муқаддам билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.

Мулоқот чоғида маданият, санъат, хусусан кино соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, мазкур йўналишда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Сирус Муқаддам сўнгги йилларда Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари икки мамлакат раҳбариятининг ўзаро ташрифлари ва мулоқотлари натижасида мутлақо янги босқичга кўтарилганини қайд этди. Шунингдек, маданий-гуманитар соҳада ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди.

Эронлик кинорежиссёр Ўзбекистонда фильм суратга олиш ва кино соҳасида мамлакатимиз вакиллари билан ҳамкорлик қилиш истагини ҳам маълум қилди.

Ўзбекистоннинг кино соҳасидаги салоҳияти билан яқиндан танишиш ва ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида «Tasvirsazan Setareh Soheil» студияси директорининг юртимизга ижодий сафарини ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди.

Сирус Муқаддам Эроннинг энг етакчи киноижодкорилар сафида эътироф этилади. У Эрон телевидениеси учун 30 тадан ортиқ фильм ва сериаллар суратга олган. Режиссёрнинг «Пойтахт» (2011 йил), «Майкл» (2015 йил), «Наргиз» (2006 йил) ва «Оч бўрилар» (1991 йил) каби фильмлари томошабинлар ўртасида катта шуҳрат қозонган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш